Ҳиндистонда ўзбекистонлик аёллар тутқунликда қолгани айтилмоқда. Улар ҳукуматдан ёрдам сўради
Жамият
−
24 Октябрь 2022 30368 2 дақиқа
Турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида бўлиб турган фуқаро Д.Маҳмудованинг видео мурожаати тарқалди. Видеога келтирилган изоҳда ўзбекистонлик аёллар одамфурушлар қўлига тушиб, тутқунликда сақланаётгани айтилган.
Деҳли шаҳрида бўлиб турган фуқаро Д.Маҳмудова томонидан қилинган видеомурожаатга Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 28 август куни фуқаро Д.Маҳмудова ва унинг ҳамроҳлигида жами 7 нафар Ўзбекистон фуқароси Ҳиндистондаги элчихонанинг консуллик бўлимига Ватанга қайтаришда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган. Элчихона томонидан мазкур фуқароларга тезкор равишда барча тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилган.
“Хусусан, уларнинг яшаш жойи мавжуд эмаслиги ва молиявий оғир аҳволидан келиб чиқиб, зудлик билан Деҳли шаҳрида “Empowering Humanity” нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда бошпана билан таъминлашга эришилиб, уларга уч маҳал иссиқ овқат бериб келинмоқда. Ўз навбатида, мурожаат қилган фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганлигини инобатга олиб, уларга Ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилди”, дейилади элчихона муносабатида.
Таъкидланишича, юқорида қайд этилган фуқаролар Ҳиндистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан Ҳиндистон ҳудудига ноқонуний йўллар билан кириб келгани ва ушбу мамлакатда бўлиш қоидаларини бузгани аниқланган. Шу билан биргаликда, видеомурожаат муаллифи – Д.Маҳмудова ва унинг ҳамроҳлари масаласида Ҳиндистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан тегишли тергов ва суд жараёнлари давом этаётгани сабабли уларнинг ушбу давлат ҳудудидан чиқишига вақтинчалик чеклов қўйилган. Ушбу ҳуқуқий жараёнлар якунлангач, юқоридаги фуқароларнинг тезкор равишда Ўзбекистонга қайтарилиши таъминланади.
“Ушбу масала Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги Элчихонаси томонидан қатъий назоратга олинган ва қайд этилган фуқаролар учун зарур бўлган тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Ҳиндистоннинг ваколатли идоралари билан мунтазам алоқа ўрнатилган”, дейилади расмий хабарда.
Live
Барчаси