Ҳиндистонда ўзбекистонлик аёл фоҳишахонадан қутқарилди
3-саҳифа
−
19:13 926 1 дақиқа
Ҳиндистоннинг “The Hans India” нашри жорий йилнинг 1 октябрь куни Гачибовли полицияси меҳмонхоналарнинг бирида ноқонуний бизнес юритганликда гумонланган икки кишини ҳибсга олгани ва у ердаги фоҳишахонадан олти нафар ўзбекистонлик аёлни қутқаргани ҳақида ёзди. QALAMPIR.UZ хабарга аниқлик киритиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев билан боғланди.
Унинг билдиришича, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси томонидан Ҳайдаробод полицияси билан ўтказилган аниқлаштириш натижасида улардан бир нафари Ўзбекистон Республикаси фуқароси, қолган икки нафари бошқа давлат фуқаролари экани аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Ҳиндистон Республикасининг “Ахлоқсиз савдонинг олдини олиш тўғрисида”ги қонуни (ITPA, 1956) асосида жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Фуқаронинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида маҳаллий полиция органлари билан расмий алоқа ўрнатилган. Элчихона иштирокида у Ҳайдаробод шаҳри Кукатпалли туманидаги ижтимоий хизмат бошпанасига жойлаштирилган. Фуқарони Ўзбекистонга қайтариш масаласи юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Вазият элчихона назоратига олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг Токио шаҳрида 45 ёшли ўзбекистонлик курьер 10 яшар қизга уятсиз ҳаракат қилганликда гумонланиб, қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси