Ҳиндистонда ибодатхона қулаши оқибатида 9 киши ҳалок бўлди
Олам
−
14 Август 2023
3406Ҳиндистон шимолидаги Ҳимачал-Прадеш штатида юз берган кучли ёмғирлар туфайли қадимий ҳинд ибодатхонаси қулади, ҳодиса оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, машҳур сайёҳлик шаҳарчасида жойлашган ибодатхона ёмғир оқибатида қулаб тушган ва ўнлаб кишилар кўчки остида қолган бўлиши мумкин. Айни пайтда ҳодиса жойида қутқарув ишлари давом этаётгани айтилмоқда.
Ҳимачал-Прадеш штатида бир неча кундан бери кучли ёмғир ёғиши сув тошқинлари ва кўчкиларни келтириб чиқарган. Маълум бўлишича, сўнгги 24 соат ичида ёмғир билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар туфайли 21 киши вафот этган.
Ҳодиса содир бўлган ҳудудда бўлиб турган штат бош вазири Сухвиндер Сингхнинг журналистларга берган интервьюсига кўра, яна 20-25 киши кўчки остида қолиб кетган бўлиши мумкин.
Охирги бир неча кун ичида ижтимоий тармоқларда транспорт воситалари ва бинолар вайроналарининг сув тошқини пайтидаги оқиб кетаётгани, дарахтларнинг автомобиллар устига қулагани ва йўлларнинг ёпилиши туфайли сайёҳлар кўчада қолиб кетгани акс этган видеолар тарқалган.
Маълумот ўрнида, йил давомида Ҳимачал-Прадешнинг салқин об-ҳавоси ва гўзал манзарасидан баҳраманд бўлиш учун минглаб сайёҳлар ташриф буюришади.
Дурдона Ширинова
LiveБарчаси