Ҳиндистонда “Аждарҳо тили” циклони 8 кишини ҳаётдан олиб кетди
Олам
−
17 Май 2021
5326Кеча, 16 май куни Ҳиндистоннинг ғарбий соҳилида “Тауктаэ” (Аждарҳол тили) тропик циклони кузатилди. Оқибатда камида саккиз киши ҳалок бўлди, электр узатиш тармоқлари ва кўплаб дарахтлар қулаб тушди, минглаб одамлар электр энергиясисиз қолди.
Бугун, 17 май куни “Times of India” нашрининг хабар беришича, Араб денгизида пайдо бўлган циклон Керала, Карнатака, Маҳараштра ва Гоа штатларига зарар етказган. Довул шамоллари ва кучли ёмғирлар одамларнинг ҳалок бўлишига ва вайронагарчиликларга олиб келган.
Хабарга кўра, штатларнинг ҳокимият органлари циклон зонасидаги шифохоналарда даволанаётган коронавирус билан касалланган беморларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун фавқулодда чоралар кўрган.
Маҳараштра штатида даволанаётган 580 нафар бемор қирғоқдаги клиникалардан бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларига эвакуация қилинган. Мумбай шаҳрида кучли ёмғир ёғиши сабабли, дам олиш кунлари аҳолини COVID-19’га қарши эмлаш вақтинча тўхтатилган.
Ҳиндистон метеорология идораси маълумотларига кўра, “Тауктаэ” циклони 165 км/соат тезликда шимолга Гужарат штати томон ҳаракат қилмоқда. Шу сабаб ушбу ҳудудда яшовчи 150 мингга яқин аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинган. Ҳиндистон Қуролли Кучларининг денгиздаги ва қуруқликдаги кучларининг бўлинмалари аҳолига ёрдам бериш мақсадида шай ҳолатга келтирилган. Барча балиқчиларга балиқ овлашни тўхтатиш ва уйларига қайтиш тавсия этилган.
LiveБарчаси