Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги баҳсли чегарада яна кескинлик юзага келди

Олам

−

image

Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар яхшиланаётган бир пайтда Ҳимолай тоғларидаги баҳсли чегара ҳудудида янги кескинлик юзага келди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълумотларг кўра, Ҳиндистон – Тибет чегара полицияси (ITBP) раҳбари Шатрухит Сингх Капур Аруначал-Прадеш штатидаги бир нечта ҳудудда Ҳиндистон ва Хитой ҳарбийлари юзма-юз келганини айтган. Ҳарбийлар ўртасидаги дастлабки қарама-қаршиликлар июль ойида бошланган. Ўшанда икки томон қўшинлари ортга чекинган, бироқ бир неча кундан кейин Хитой ҳарбийлари кўпроқ сон билан ҳудудга қайтгани хабар қилинган.

Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари ҳукуматдаги манбаларга таяниб, Хитой ҳарбийлари Ҳиндистон ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган чегарадан 6-7 километр ичкарида чодирлар ўрнатганини ёзмоқда. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган.

Капурнинг баёноти Ҳиндистонда сиёсий баҳсларга сабаб бўлди. Мухолиф Конгресс партияси бош вазир Нарендра Моди ҳукуматини Хитой билан чегара масаласида етарлича қатъий позиция билдирмаётганликда айблади. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Рандхир Жайсвал Хитой ҳарбийлари белгиланган патруллик тартибидан четга чиққан ҳолларда чегарадаги вазият вақти-вақти билан кескинлашишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, икки давлат мавжуд муаммоларни ҳарбий ва дипломатик каналлар орқали ҳал қилишга интилмоқда.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса мамлакат Ҳиндистон билан тузилган келишувларга риоя қилаётганини, чегарадаги патруллик фаолияти ҳудудий суверенитетни ҳимоя қилишга қаратилганини маълум қилган.

Қайд этиш жоиз, Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги 3 440 километрлик баҳсли чегара ўнлаб йиллардан бери келишмовчиликларга сабаб бўлиб келмоқда. Пекин Аруначал-Прадешни Жанубий Тибетнинг бир қисми деб ҳисоблайди, Нью-Деҳли эса бу даъвони рад этади.

2020 йил июнь ойида Ладакҳдаги Галван водийсида икки давлат ҳарбийлари тўқнашиб, камида 20 нафар ҳиндистонлик ва 4 нафар хитойлик ҳарбий ҳалок бўлган эди. Шундан сўнг мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашган. Бироқ 2024 йилдаги музокаралардан кейин томонлар чегарадаги кескинликни юмшатишга келишиб, тўғридан тўғри авиақатновларни тиклаш ва виза чекловларини енгиллаштириш чораларини кўра бошлаган.

Шунга қарамай, сўнгги ҳодисалар чегара масаласи ҳали ҳал этилмаганини кўрсатмоқда. Икки давлат ўртасидаги зиддиятларга қарамай, иқтисодий алоқалар кенгайишда давом этмоқда. 2025 йилда Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги савдо айланмаси 151 миллиард долларга етган. Шундан қарийб 131 миллиард доллари Хитойнинг Ҳиндистонга экспорти ҳиссасига тўғри келган.

Ҳиндистон саноати, хусусан, электромобил аккумуляторлари, ноёб ер металлари, фармацевтика ва машинасозлик соҳалари Хитой импортига сезиларли даражада боғлиқ. Мутахассисларнинг фикрича, чегарадаги келишмовчиликлар икки давлатнинг нафақат дипломатик муносабатларига, балки савдо ва саноат ҳамкорлигига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг