Ҳиндистон ва Хитой ҳарбийлари ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлди
Олам
−
25 Январь 2021
15949Ҳиндистоннинг тоғли Ҳимолай минтақасида, Сикким штатидаги Наку-Ла довонида ҳинд ва хитой чегара қўшинлари ҳарбийлари ўртасида тўқнашув юз берди. Бу ҳақда “Latestly” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, Хитой Халқ озодлик армиясининг ҳарбийлари Ҳиндистон ҳудудига бостириб киришга уринишган, ҳинд ҳарбийлари уларни тўхтатган. Тўқнашув натижасида 20 нафар хитой ва тўрт нафар ҳинд аскари жароҳатланган.
Ҳозирда мазкур ҳудудда вазият назоратга олинган. Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари ҳали очиқланмаган.
Тўқнашув ҳақида маълумот Ҳиндистон ва Хитой қуруқлик қўшинлари қўмондонлиги вакиллари музокаралар олиб борганидан кўп ўтмай пайдо бўлди. Томонлар чегара ҳудудларидан қўшинларни олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилган.