Ҳиндистон Ўзбекистонда болалар ўлимига сабабчи бўлган сиропларни мажбурий синовдан ўтказади
Олам
−
24 Май 2023
7802Ҳиндистон Гамбия ва Ўзбекистонда ўнлаб болаларнинг ўлимига алоқадор бўлган йўтал сиропларини экспорт қилишдан олдин синовларни мажбурий қилади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
“Ҳар қандай йўтал сиропи экспорт қилинишидан олдин ҳукумат лабораторияси томонидан берилган таҳлил сертификатига эга бўлиши керак, бу 1 июндан кучга киради”, дейилади ҳукумат ва мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тарқатилган хабарда.
Ҳиндистоннинг 41 миллиард долларлик фармацевтика саноати дунёдаги энг йирикларидан бири ҳисобланади, аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти учта ҳинд компанияси томонидан ишлаб чиқарилган йўтал сиропларида заҳарли моддаларни топгач, унинг обрўси пасайган.
Бу ширкатлардан иккитаси ишлаб чиқарган сироплар ўтган йили Гамбияда 70, Ўзбекистонда 19 боланинг ўлимига олиб келганди.
“Йўтал сиропи экспорт намунаси синовдан ўтказилиб, таҳлил сертификати тайёрланиши шарти билан экспортга рухсат этилади”, дейилади мамлакат Савдо вазирлиги хабарида.
Шунингдек, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ички бозорда сотиладиган йўтал сироплари учун тест талаб қилинадими, деган саволга жавоб бермаган.
Қайд этилишича, Гамбиядаги болалар ўлимига алоқадор бўлган “Maiden Pharmaceuticals” ширкати томонидан ишлаб чиқарилган йўтал сиропларининг Ҳиндистонда ўтказилган синовларида токсинлар топилмаган. Аммо Ўзбекистонда болалар ўлимига сабабчи бўлган “Marion Biotech” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган кўплаб дориларда ифлослантирувчи моддалар аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2022 йилда 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” дори воситаларини ишлаб чиқарган Ҳиндистоннинг “Marion Biotech” фармацевтика фирмасининг лицензияси бекор қилинганди.
LiveБарчаси