Ҳиндистон “Кўҳинур” олмосини Буюк Британиядан қайтариб олмоқчи. Ҳиндлар кимдан умид қилмоқда?
Олам
−
13 Май 2023
13651Ҳиндистон ҳукумати мустамлакачилик даврида Буюк Британияга олиб кетилган минглаб қимматбаҳо артефактларни қайтариш бўйича узоқ муддатли дипломатик кампанияни бошламоқчи. Бу ҳақда “Telegraph” нашри хабар берди.
Ҳиндистоннинг вазирлик ва дипломатик ходимлари империя даврида Британияга олиб кетилган минглаб артефактларни мамлакатга қайтарилишини таъминлаш учун сафарбар қилинади. Ундан кўзланган мақсад подшоҳнинг ишончига сазовор бўлган тож тақинчоқларидан бири бўлган “Кўҳинур” олмосининг қайтарилишини таъминлашдан иборат. Бу жараён хориж ОАВда “ўтмиш билан ҳисоблашиш” дея аталмоқда.
Ҳиндистондан олиб келинган тарихий ашёларни қайта тиклаш Бош вазир Нарендра Моди бошқарувидаги ҳинд сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Натижада бу масала Буюк Британия ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо алоқаларининг дипломатик музокараларга айланишига олиб келади.
“Қадимий ёдгорликларни қайтариш, Ҳиндистон сиёсатининг асосий қисми бўлиб, бу ҳукумат учун катта аҳамиятга эга. Ҳинд артефактларини ватанига олиб келиш бўйича ушбу саъй-ҳаракатларнинг моҳияти Бош вазир Нарендра Модининг шахсий мажбуриятидан келиб чиқади, у буни ўзининг устувор вазифаси деб белгилаган”, дейди Ҳиндистон Маданият вазирлиги котиби Говинд Моҳан.
Таъкидлаш жоизки, Ҳиндистон Маданият вазирлигининг, Археологик тадқиқот бўлими мамлакат мустақилликка эришганидан бери олиб келинган буюмларни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни бошқармоқда.
Нью-Деҳли расмийлари Британия ҳукмронлиги даврида қўлга киритилган артефактларни қайтариш бўйича алоҳида кампанияни мувофиқлаштирган. Вазирликдаги манбаларнинг таъкидлашича, артефактлар мустамлакачилик даврида “ахлоқсиз” тарзда ўғирланган.
Ҳиндистоннинг Лондондаги дипломатлари уруш ўлжаси сифатида қўлга олинган ёки мустамлакачилик даврида ишқибозлар томонидан тўпланган артефактларни сақлайдиган муассасаларга расмий сўровлар юборишни ва ушбу жараённи шу йил бошлашни режалаштирган.
“Бу кампания Буюк Британиянинг Бош вазири Риши Сунак учун мураккаб дипломатик вазиятни келтириб чиқариши мумкин, аммо Жаноб Моди Британия Бош вазирини Буюк Британиядаги ҳиндлар учун “жонли кўприк” сифатида олқишлади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 105 каратли “Кўҳинур” узоқ йиллар давомида Малва давлати рожаларининг бош кийимларини безаб келган. У Шарқий Ҳиндистон компаниясига берилгунга қадар ҳинд ҳукмдорларига тегишли бўлиб, Панжобни қўшиб олгандан кейин қиролича Викторияга тақдим этилган.
LiveБарчаси