Ҳиндистон иккита ядровий сувости кемаси қурмоқчи
Олам
−
10 Октябрь
1705Кеча, 9 октябрь куни Ҳиндистон иккита янги тоифадаги ядровий қувватли ҳужум сувости кемасини қуриш режасини маъқуллади. Лойиҳа тахминан 450 миллиард рупий (5,4 миллиард доллар)га тушиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Ҳиндистон Хитойнинг Ҳинд океани минтақасидаги кучайиб бораётган таъсирига қарши ўз ҳарбий кучларини модернизация қилиш учун шошилмоқда. Бу жараёнда мамлакат денгиз флоти қудратини ошириш ва маҳаллий қурол-яроғ ишлаб чиқариш салоҳиятини яхшилашга эътибор қаратмоқда.
“Бош вазир Нарендра Моди ҳукумати Ҳиндистон денгиз флотининг олтита янги синфдаги сувости кемаларидан биринчисини ишлаб чиқаришига рухсат берди, лекин етказиб бериш саналарини кўрсатишдан тийилди”, дейди нашр манбаси.
Маълумотларга кўра, Хитой 370 дан ортиқ кемага эга дунёдаги энг катта денгиз флоти ҳисобланади. 2020 йилда Ҳимолайда икки давлат ўртасидаги чегара ҳудудида рўй берган тўқнашувларда 24 нафар ҳарбий ҳалок бўлгандан сўнг, Ҳиндистон учун Хитой хавфсизликка таҳдид сифатида кўрилмоқда.
Қайд этилишича, ядровий қувватли ҳужум сувости кемалари тезроқ ҳаракатланади, шовқини камроқ ва анъанавий дизель двигателли кемаларга қараганда узоқроқ сув остида қолиши мумкин. Бу уларни аниқлашни қийинлаштиради ва дунёдаги энг қудратли денгиз қуролларидан бирига айлантиради. Ҳозирда бундай кемаларни Хитой, Франция, Россия ва АҚШ каби бир нечта давлатлар ишлаб чиқармоқда.
Ҳиндистон Россиядан иккита ядровий қувватли ҳужум сувости кемасини ижарага олган, аммо уларни қайтариб берган. Ҳозирда яна бир кемани ижарага олиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Нашрга кўра, янги сувости кемалари Ҳиндистоннинг жанубий порти Визакдаги ҳукуматнинг кема қуриш марказида ишлаб чиқилади. Катта қурилиш компаниялари Larsen and Toubro ҳам лойиҳага қўшилиши кутилмоқда. Бу сувости кемалари Ҳиндистон ҳозирда қураётган ядро қуролларини учиришга қодир бўлган “Arihant” синфидан фарқли бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ China State Shipbuilding Corp томонидан Вуачанг кемасозлик заводида қурилган энг янги атом сувости кемаси чўкиб кетгани маълум бўлган эди.
LiveБарчаси