Ҳибсдаги Наргис Муҳаммадий БМТга мактуб йўллади
Олам
−
27 Январь
13873Теҳрондаги Эвин қамоқхонасида сақланаётган 2023 йилги Нобель Тинчлик мукофоти лауреати, сиёсий маҳбус Наргис Муҳаммадий БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга мактуб ёзди. Бу ҳақда 26 январь куни унинг Instagram саҳифасида маълум қилинди.
Муҳаммадий Антониу Гутерришдан Эрон ҳукуматининг аёлларга нисбатан жинсий камситиш сиёсатини халқаро ҳужжатларда жиноят сифатида тан олишни сўраган.
“Ислом республикаси ҳукуматнинг барча имкониятларидан тизимли ва мақсадли фойдаланмоқда, айниқса, қонунлар яратиш орқали аёлларни ўзига бўйсундириш сиёсатини илгари сурмоқда ва уларни инсон ҳуқуқларидан маҳрум қилмоқда”, дейди Наргис.
Унинг айтишича, бундай вазиятда нафақат аёллар, балки бутун Эрон аҳолиси кенг кўламли дискриминациянинг даҳшатли ва чидаб бўлмас оқибатларидан азият чекмоқда.
“Биз зудлик билан бу ғайриинсоний ва хавфли репрессияни тўхтатиш учун чоралар кўришимиз керак”, дейди Нобель мукофоти лауреати.
Наргисга кўра, гендер ва жинсий апартеидни жиноийлаштириш, халқаро қонунларда аниқроқ ҳуқуқий таъриф бериш, Эрон ва Афғонистондаги гендер апартеид тизимини қораловчи баёнотлар бериш, бузғунчи зулмга тобора кўпроқ дучор бўлаётган аёлларнинг бошдан кечирган ҳикояларини оммага етказиш, Эрон ва Афғонистон жамиятларида аёллар фуқаролик институтларини қўллаб-қувватлаш, режимлар томонидан босим остида қолган аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш учун зарур чора-тадбирларни кўриш керак.
“Бизга керак бўлган нарса – БМТдаги Инсониятга қарши жиноятлар тўғрисидаги шартнома лойиҳасига жинсий ва гендер апартеидини киритиш учун ўзгартириш киритиш. Бу қийин йўл эмас ва эришиш мумкин. Эрон ва Афғонистондаги аёллар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг зудлик билан эътиборини ва муқаррар бўлиб қолган чораларини кутишмоқда”, дея қўшимча қилган у.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Озарбайжон вилоятининг Занжон шаҳрида туғилган Наргис Муҳаммадий 12 йил-у уч ой қамоқ, 154 дарра, икки йил сургун ва турли чекловчи жазоларга ҳукм қилинган.
LiveБарчаси