“Мен Жане Доэман”: Энди сукут сақламайман

Таҳлил

−

Reklama
0:00

“Мен Жейн доуман. Ўзбекистонданман. Етти ёшда эдим. У 38 ёшли менинг жисмоний тарбия ўқитувчим эди”. 

“Мен Жейн доуман. Ўзбекистонликман. Мен 9 ёшда эдим, у эса 17 ёшда. У менга бегона эмас, ўз амакиваччам эди”. 

“Мен ўзбекистонлик Жейн Доуман. Ўшанда мен 5 ёшда эдим, у эса 15 ёшда эди. Менга нисбатан зўравонлик 13 ёшимгача давом этди. Орадан бир неча йил ўтиб, у вафот этди. Бувим эса у қилган зўравонликлар учун мени айблади. Унинг айтишича, у менга кўнгил қўйганига, йўлдан озганига ўзим сабабчи эканман. Аммо 5 ёшли қизалоқ балоғатга етган эркакни қандай қилиб йўлдан оздириши мумкинлигини тушунмайман”. 

Сиз эшитаётган бу ҳикоялар уят ва қўрқув сабабли ўз вақтида айтилмай, йиллар давомида сир сақланган. Кимдир 5 ёшида қўшнисининг тажовузига учраганини, бошқаси эса болалигида энг яқин қариндошидан зўравонлик кўрганини айтган. Айримлар бу ҳақда ота-онасига гапирганида ёрдам ўрнига “уят бўлади, ҳеч кимга айтма” деган жавобни эшитган. Йиллар, ҳатто ўн йилликлар давомида ичга ютилган бу воқеалар энди бирин-кетин ошкор бўлмоқда. 

Бундай ҳикояларни бирлаштирган нарса #IamJaneDoe ҳештеги. Дастлаб АҚШдаги бир талаба қизни қўллаб-қувватлаш учун бошланган флешмоб қисқа вақт ичида халқаро ҳаракатга айланди. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан ҳам юзлаб фойдаланувчилар унга қўшилиб, болаликда бошидан кечирган жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳақида аноним ҳикоялар қолдирди. Улар орасида нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам бор. 

Хўш Жейн Доу ким? Нега болалигида зўравонликка учраган болаларни шунча вақт ҳеч ким эшитмади? Уларни сукунатни бузишга нима мажбур қилди ва нега океан ортида содир бўлган воқеа Марказий Осиёда ҳам акс-садо бермоқда?  

Болаликни зулматга айлантирган ҳикоялар 

Юзи, фамилияси ва ҳатто ўз тарихи ҳам йўқ. Фақат исми бор – Жейн Доу. Бугун бу ном бошидан кечирган зўравонлик ҳақида гапиришга қарор қилганлар, сукут сақлашдан чарчаганлар учун оммавий рамзга айланди. “Мен Жейн Доуман” флешмоби АҚШда бошланиб, кейин Қозоғистонга етиб келди. Ижтимоий тармоқларда одамлар йиллар давомида овоз чиқариб айтишга қўрққан ҳикояларини аноним равишда ёза бошлади.  Флешмоб Қозоғистондан ташқари Ўзбекистон ва Қирғизистон фойдаланувчилари орасида ҳам кенг тарқалган. 

Қозоғистонлик аёллардан бири 8 ёшида акаси томонидан жинсий зўравонликка учраганини ёзган. Бошқа бир фойдаланувчи – эркак киши эса 5 ёшида катта ёшли қўшнисининг тажовузига дуч келганини, аммо бу ҳақда узоқ йиллар ҳеч кимга айтолмаганини билдирган. Қирғизистонда ҳам шунга ўхшаш ҳикоялар кўпайди. Айримлар 4 ёки 6 ёшида бошидан кечирган воқеаларни илк бор оммага айтиб берди.

Бу ҳикояларда зўравонлик ҳолатлари боланинг яқин ижтимоий муҳити – оила, қариндошлар, қўшнилар ва таълим муассасалари билан боғлиқ турли вазиятларда тилга олинган. Зўравонликда гумон қилинаётган шахслар кўпинча жабрланувчиларга бегона бўлмаган инсонлардир. Постлардаги ҳикояларнинг ўнтасидан тўққизтасида қизлар ўзларига тажовуз қилган шахсни таниганини айтган. Айрим ҳолатларда эса воқеа болалик ёки ўсмирлик давридан йиллар ўтиб ҳам уларнинг хотирасида сақланиб қолганини англаш мумкин. 

“Бу уятли ҳолат – жим тур”. Одамлар нима дейди? 

Флешмоб Марказий Осиёга ҳам етиб келгач, муҳокамалар бошқа бир масалага – болаликдаги жинсий зўравонликнинг оилалар ичида яширилишига қаратилди. 7 октябрь куни Қирғизистон парламенти депутати Эльвира Сўраболдиева бу ҳақда парламент мажлисида гапирди. 

Сўраболдиеванинг айтишича, қирғизистонлик аноним фойдаланувчиларнинг ёзганлари ва уларнинг сони жиддий хавотир уйғотмоқда. Айрим постларда зўравонлик 4, 5 ва 6 ёшда содир бўлгани айтилган. 

“Қирғизистондан болалигидаги зўравонлик ҳақида ёзаётган аноним фойдаланувчилар статистикаси одамни даҳшатга солади… Бу фақат Қирғизистон эмас, балки Қозоғистон ва Ўзбекистондан ҳам қизлар болаликдаги зўравонликлар ҳақида ёзишмоқда. У ерда ёзилаётган нарсалар – даҳшат. Ёши – тўрт, беш, олти ёш. Биз, бу фақат қизлар бошига тушадиган кўргилик деб ўйлаймиз. Аслида эса ўғил болалар ҳам бу ҳақда аноним тарзда ёзишмоқда… Шунинг учун педофилия мавзуси – мана нима сабабдан бунчалик катта шов-шувга сабаб бўлди – ниҳоятда оғриқли мавзу. Кўпчилик буни бошидан ўтказган”, деди у парламент мажлисида. 

Унинг айтишича, айрим оилаларда болалар бошидан кечирган воқеани айтиб берганида уларни ҳимоя қилиш ўрнига, оиланинг шаъни ва обрўсини сақлаш учун жим туриш талаб этилган. 

“Кўпинча ота-оналар “уят”, деб бу ҳақда гапиришни тақиқлайди. Аммо бу инсонда бир умр қоладиган жароҳат. У аёлда ҳам, эркакда ҳам қолади”, дейди Сўраболдиева. 

Депутат ота-оналарни фарзандларига нисбатан эътиборли бўлишга чақириб, зўравонлик фақат қизларга нисбатан содир бўлади, деган қараш нотўғри эканини таъкидлаган. 

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ҳам ижтимоий тармоқлардаги аноним мурожаатлар фонида зўравонликка учраганларни милицияга мурожаат қилишга чақирган. Вазирлик бундай мурожаатлар қонун доирасида рўйхатга олиниши ва кўриб чиқилишини маълум қилган. 

Ҳуқуқшунос Наргиза Алибоева эса жинсий зўравонлик бир неча йил олдин содир бўлган бўлса ҳам, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш мумкинлигини айтган. 
Унинг тушунтиришича, воқеадан 5, 10 ёки 15 йил ўтиб қилинган мурожаат ҳам рўйхатга олиниши ва текширилиши керак. Бунда жабрланган шахснинг кўрсатмаси, воқеа ҳақида аввал бошқаларга айтгани, сақланиб қолган ёзишмалар, суратлар, аудиоёзувлар ва бошқа далиллар аҳамиятга эга бўлиши мумкин. 

Ҳуқуқшуносга кўра, жиноятнинг ҳуқуқий баҳоси боланинг ёши, гумон қилинувчининг ёши, содир этилган ҳаракатнинг хусусияти, зўравонлик ёки таҳдид бўлган-бўлмагани ва бошқа ҳолатларга қараб белгиланади. 

Агар зўравонлик яқинда содир бўлган бўлса, аввало боланинг хавфсизлигини таъминлаш ва уни гумон қилинувчи шахс билан алоқадан ҳимоя қилиш зарур. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва тиббий муассасага мурожаат қилиш тавсия этилади. 

Мутахассис болани айбламаслик, унга босим ўтказмаслик ва воқеани қайта-қайта гапиришга мажбур қилмаслик муҳимлигини таъкидлаган. Сақланиб қолган ёзишмалар, хабарлар, суратлар ва бошқа эҳтимолий далилларни ўчирмаслик ҳамда ўзгартирмаслик керак. 

Ўзбекистонда эса 12 октябрь ҳолатига кўра, мазкур флешмоб доирасида тарқалган ҳикоялар юзасидан расмий муносабат ҳақида маълумот берилмаган. 

Жейн Доу ким? 

Жейн Доу – бу ҳақиқий исм эмас, балки шахсини ошкор қилишни истамаган аёлларга нисбатан ишлатиладиган шартли ном. АҚШдаги Корнелл университетининг собиқ талабаси ҳам айнан шу тахаллус остида танилган. У 2024 йилда университет талабаларининг 7 нафари томонидан гуруҳ бўлиб зўрланганини даъво қилган. Воқеадан сўнг у кампус полициясига мурожаат қилган, кейинчалик эса руҳий жароҳат сабабли университетни тарк этганини билдирган. 

Орадан икки йил ўтиб, собиқ талаба нафақат зўравонликда айбланаётган йигитларни, балки университет маъмуриятини ҳам жавобгарликка тортишни талаб қилиб, фуқаролик судига даъво киритди. Иш юзасидан билдирилган турлича кўрсатмалар ва тергов жараёнига оид саволлар ортидан иш Нью-Йорк штати бош прокурори назоратига ўтказилди. 

Аёлнинг ҳақиқий исми сир сақланган. Суд ҳужжатларида у “Жейн Доу” деб қайд этилган. Аслида, Жейн Доу бирор кишининг исми эмас. АҚШ ва бошқа инглиз тилида сўзлашувчи давлатларда шахси номаълум ёки махфий сақланиши керак бўлган аёллар шу ном билан аталади. Эркакларга нисбатан эса “Жон Доу” ибораси ишлатилади. 

Бу воқеа ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Дунёнинг турли мамлакатларидаги аёллар #IamJaneDoe – “Мен Жейн Доуман” хештеги остида ўзлари бошдан кечирган жинсий зўравонлик ҳақида ҳикоя қилиб, собиқ талабани қўллаб-қувватлай бошлади. 

Шу тариқа Жейн Доу номи биргина иш доирасидан чиқиб, жинсий зўравонлик ҳақида сукут сақлашга мажбур бўлган аёлларнинг ҳикоялари ва уларни тинглаш зарурати билан боғлиқ рамзга айланди. 

Ўзбекистонда Жейн доу ким? 

Намангандаги 5 ёшли қизалоқ билан юз берган фожиа ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмади. Бу мудҳиш воқеадан бир йил аввал эса шу вилоятнинг бошқа ҳудудида 7 ёшли қизалоқ тўйда қариндоши томонидан зўрланган эди. 

Афсуски, бу биз билганларимиз ҳолос. 29 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулруҳ Агзамова сўнгги тўрт йил давомида Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган 445 нафар қиз зўрлангани ҳақидаги маълумотни очиқлади. 

Бу рақамлар ортида болалигидан айрилган ва кўпинча бу ҳақда гапиришга уяладиган   қизларнинг тақдири турибди. 

АҚШдаги Корнелл университетининг собиқ талабасининг чиқиши ортидан бошланган #IAmJaneDoe флешмобида дунёнинг турли мамлакатларидан аёллар ўзлари бошдан кечирган жинсий зўравонлик ҳақида ҳикоя қилмоқда. 

Улар “Мен Жейн Доуман” дейиш орқали нафақат бир аёлни қўллаб-қувватламоқда, балки жабрланувчиларнинг овозини эшитиш ва уларнинг шахсий дахлсизлигини ҳимоя қилишга чақирмоқда. 

Балки бизнинг орамизда ҳам ўз дардини йиллар давомида ичига ютиб келаётган Жейн Доулар бордир? Уларни эса “уят” деб оғзини беркитиб бўлмайди. Беморни иситмаси уни ошкор қилишидан аввал даволаш мумкин. Бунинг учун эса уялманг.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг