Ҳеч ким билмайдиган сир: Узоқ чайнашнинг фойдалари айтилди
Бу қизиқ
−
18 Май 3641 2 дақиқа
Овқатни узоқ чайнаш нафақат ошқозон-ичак тизими, балки мия фаолияти, стресс даражаси ва ҳатто хотира тизимини ҳам яхшилаши мумкин. Бу ҳақдаги тадқиқот BBC’да эълон қилинди.
Овқатланиш бўйича америкалик мутахассис Гораций Флетчер овқатни деярли суюқ ҳолга келгунча чайнашни тавсия қилган. У ҳатто бир марта пиёзни ютишдан олдин 722 марта чайнаган.
Швециядаги Каролинский институти профессори Матс Трулсен чайнаш жараёнини оддий механик ҳаракатдан кўра мураккаброқ деб ҳисоблайди ва уни шундай изоҳлайди: “Чайнаш гўёки насос каби ишлайди ва мияга қон қуяди”.
Чайнаш аслида овқат ҳазм қилишнинг энг биринчи босқичи ҳисобланади. Овқат оғизда майда бўлакларга бўлинади ва сўлак билан аралашади. Сўлак таркибидаги ферментлар овқатни парчалаш жараёнини аллақачон оғизнинг ўзидаёқ бошлайди.
“Агар одам етарлича чайнамаса, ичаклар овқатни тўлиқ тайёр ҳолатда қабул қилмайди ва бу бутун тизимга юк туширади”, дейди Нидерландиялик тадқиқотчи Андрис ван дер Билт.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, овқатни кўпроқ чайнаган одамлар тезроқ тўқлик ҳис қилади ва камроқ овқат ейди. Бунинг сабаби шундаки, тўқлик сигнали мияга дарҳол эмас, тахминан 15-20 дақиқа ичида етиб боради. Шунинг учун секин чайнаш организмга ортиқча овқатланиб юбормаслик имконини беради.
Масалан, бодом устида ўтказилган тажрибада овқатни кўпроқ чайнаган иштирокчиларда организм камроқ ёғни ўзлаштиргани аниқланган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, овқат қанча кўп чайналса, унинг сирт майдони шунча ошади ва ҳазм ферментлари уни самаралироқ парчалайди.
Сўнгги йилларда олимлар чайнаш ва мия фаолияти ўртасидаги боғлиқликка ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Баъзи тадқиқотлар тишларнинг йўқолиши ёки чайнаш қобилиятининг пасайиши Альцгеймер касаллиги ва деменция хавфини ошириши мумкинлигини кўрсатган.
Европада ўтказилган катта тадқиқотларда чайнаш қобилияти яхши бўлган одамлар хотира, оғзаки равонлик ва фикрлаш тестларида юқори натижа кўрсатган. Мутахассислар буни чайнаш пайтида мияга қон оқими ошиши билан изоҳлашади.
Сақич чайнаш ҳам қисқа муддатли таъсирга эга бўлиши мумкин. Баъзи тадқиқотларда у диққатни ошириши ва стрессни бироз камайтириши аниқланган. Айрим инсонларда кортизол даражаси пасайган, бу эса организмнинг стрессга жавобини енгиллаштирган. Бироқ бу таъсир узоқ давом этмайди ва одатда 15-20 дақиқадан кейин камаяди.
Умуман олганда, мутахассислар чайнашни соғлиқ учун фойдали одат деб ҳисоблайди, аммо унинг аниқ “идеал миқдори” йўқ. Энг муҳими – шошилмасдан, овқатни тўлиқ ҳис қилиб чайнашдир.
Live
Барчаси