Ўзбекистон карантинга ёпиладими? Мирзиёев изоҳ берди
Жамият
−
01 Апрель 2021
57141Ўзбекистонда ҳудудлардаги коронавирусга қарши кураш штабларининг фаолияти кучайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган видеоселекторда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда йиғилишда қатнашаётган QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири.
“Ҳеч қаерни ёпмаймиз, аммо огоҳлантириш керак. 300 кишилик тўйлар ўтказиш бошлаб юборилди”, деди Шавкат Мирзиёев.
Бош вазир Абдулла Арипов вилоят ҳокимлари билан бирга, уч кун муддатда коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириши таъкидланди.
“Жорий йил бошида кунига ўртача 30-40 нафар бемор аниқланган бўлса, март ойи ўрталаридан бу кўрсаткич – 160-180 нафарни ташкил этмоқда. Касалликнинг ўта оғир кечиши, ҳаттоки ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Бунинг сабаби – кўпчилик фуқаролар хотиржамликка берилиб, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин талабларига бефарқ бўлиб қолди”, деди Шавкат Мирзиёев.
Бунда тун-у кун ишлайдиган “Call-марказ”лар ва мобил бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш кераклиги қўшимча қилинди.
Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоевга бир ҳафта муддатда дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг камида 3 ойлик захирасини шакллантириш кўрсатмаси берилди.
Президент Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни алоҳида огоҳлантирди. У пойтахтда назоратни кучайтириши кераклигини қўшимча қилди.
LiveБарчаси