Ҳеч бир раҳбар “мен хато қиляпман”, демайди – Эрдўған

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳеч бир давлат раҳбари хато қилса, ўз айбини тан олмайди, деб ҳисоблайди. У бу ҳақда Американинг PBS телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Суҳбат давомида Эрдўған Американинг  Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммити доирасида Россия Президенти Владимир Путин билан қандай музокара ўтказгани ҳақида гапирди. Шунингдек, у Украина-Россия уруши ҳақидаги ўз мулоҳазаларини билдирар экан, журналистнинг “Сизнинг-ча, Путин Украина халқининг ўзини ҳимоя қилиш иродасини менсимай, нотўғри ҳисоб-китоб қилаётганидан хабардорми?” деган саволга шундай жавоб берди:

“Ҳеч бир раҳбар “мен хато қиляпман”, деб айтмайди. Албатта, мен бу гап билан Украинани ҳам назарда тутдим. Жаноб Зеленский ҳам шундай қадам ташлаганми, деб ўйлайман. У ҳам хато қиляпман, деб ўйлайдими? Албатта, раҳбарлар – бу кирган йўлидан қайтиши жуда қийин бўлган одамлардир. Лекин, ҳозирда фақат Польшанинг ўзида 3 миллиондан ортиқ украиналик қочқинлар бор. Европанинг кўплаб мамлакатларига, ҳатто бизга ҳам келган украиналик муҳожирлар бор. Буларнинг барчасини кўриб чиқсак, ҳозирда 5 миллионга яқин муҳожир Украинадан ташқарида. Бунга чидаш раҳбар учун осон иш эмас. Аммо раҳбарлар бундан осонликча афсусланмайдилар”.

У Россия босқинига изоҳ берар экан, Путин ўзининг бу иши учун узр сўрамаслигини тахмин қилган. Унинг фикрича, ягона чора давлат раҳбарларининг ўзаро келишувга эришишидир. 

“Ҳеч бир босқинни оқлаб бўлмайди. Ва бу босқиннинг оқибатини биз эмас, жаноб Зеленский ва жаноб Путин тушунтириши мумкин. Бунинг сабабларини энг яхши улар билишади. Туркия ушбу сабабларни баҳолаб, мувозанатли сиёсатни ҳурмат қиладиган мамлакат сифатида бу ерда иккала томонни ҳам тинглашни ёқлайди. Шунинг учун бизда бу раҳбарларни бирлаштириш истаги бор. Мен уларни бир жойга тўпламоқчи эдим, хоҳласангиз уларнинг ўзидан сўранг. Биз ҳали ҳам муваффақиятга эриша олмадик, аммо мен умидсиз эмасман”, дейди Туркия Президенти.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, Путин Россия Украина билан 200 нафар асирни алмашишга келишганини айтган.

“Мен улар бу ишни имкон қадар тезроқ тугатиш учун ҳаракат қилаётганларини англадим. Бундай ҳаракат катта муаммоларга олиб келиши мумкин. Айни пайтда, масалан, 200 нафар асирни алмаштириш тўғрисида келишувга эришилди. Бу яхши ютуқ... Аммо бу ерда Украина Россия билан ҳам худди шундай муносабатда бўлиши жуда муҳим ва бундан буён ушбу можароларни тўхтатиш учун ўзаро келишиб олиш керак”, дейди Президент Эрдўған.

Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Россия ва Украина ўртасида тинчлик ўрнатилиши учун босиб олинган ҳудудларни қайтариш муҳим аҳамиятга эга.

“Хоҳлаганимиз ва кутганимиз ҳам шу. Бу масалада жаноб Гутерриш (БМТ котиби Антониу Гутерриш – таҳр.) нинг ҳам ҳаракатлари бор. Биз қўйган қадамлар ҳам бор. Ушбу қадамлар биз кутган қайтаришларнинг амалга ошишига ҳақиқатан ҳам ёрдам беради”, деган Туркия раҳбари.

Маълум бўлишича, Туркия натижага эришиш учун Россия ва Украина томонлари билан музокаралар олиб бормоқда.

“Биз жаноб Путин ва жаноб Зеленский билан музокаралар олиб боряпмиз. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ҳам жаноб Путин ва жаноб Зеленский билан алоқаларни давом эттирмоқда. Бу нимани англатади? Агар биз натижага эришмоқчи бўлсак, унда иккала раҳбар билан гаплашишимиз керак ва улардан бирининг ёнида турмаслик керак. Албатта, буни кўриш жуда муҳим, одамлар нафақат Украина томондан, балки Россия томонидан ҳам ўлишмоқда”, дейди Президент.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Путиннинг шахсан ўзи Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғанни  Ўзбекистонга таклиф қилгани, Самарқанддаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ўзаро суҳбатлашгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

243

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг