Ҳайратон – Наибобод – Мозори Шариф темирйўл линияси ишга тушди
Олам
−
08 Август
3875Кеча, 7 август куни Афғонистонда қайта тикланган Наибобод темирйўл станцияси очилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хабар берди.
Қайд этилишича, тиклаш ишлари компания томонидан Термиз минтақавий темирйўл узели ва “Сўғдиёна Транс” шуъба корхонаси билан ҳамкорликда Афғонистон темирйўл бошқармаси ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилган. Унинг узунлиги 75 км, лойиҳа қиймати эса 129 млн долларни ташкил этган. Компаниянинг “Сўғдиёна Транс” шуъба корхонаси 2011 йил декабрь ойида Афғонистонда ушбу линиядан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш мақсадида очилган.
“Маросим давомида Наибобод станциясига биринчи юк вагонлари келди, бу эса минтақанинг транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда янги босқичнинг бошланишини англатади”, дейилади хабарда.
Қайта тикланган линиянинг очилиш маросимида Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва “Ўзбекистон темир йўллари” раҳбарининг биринчи ўринбосари Ҳикматулла Раҳметов иштирок этди. “Толибон” томонидан бош вазир ўринбосари Алхаж Мулла Абдулғани Бародар, Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо, жамоат ишлари вазири Ал-ҳаж Муҳаммад Исо, жамоат ишлари вазирининг темирйўл масалалари бўйича ўринбосари Ал-ҳаж Бахтулраҳмон Шарафат ва бошқа амалдорлар қатнашди.
Унда Афғонистоннинг минтақавий юк логистикасида муҳимлиги таъкидланган. Мозори Шариф – Қобул – Харлачи йўналиши бўйлаб Трансафғон темирйўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.
“Денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакат Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан ўз ҳудудидан ўтадиган автомобиль ва темирйўл йўналишлари орқали боғлашда муҳим роль ўйнайди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек темирйўл мутахассислари томонидан тикланган Наибобод станцияси Россия, Қозоғистон, Хитой ва Европа мамлакатларидан Афғонистон орқали Покистон, Ҳиндистон ва бошқа Жанубий Осиё мамлакатларига юкларни ташиш учун муҳим марказ бўлади”, дейилган хабарда.
LiveБарчаси