Ҳайдовчиларнинг мастлигини аниқлаш тартибига ўзгартириш киритилади
Жамият
−
29 Январь 2022
16976Ўзбекистонда ҳайдовчиларнинг мастлигини аниқлаг тартиб-қоидаларига ўзгартириш киритилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суди, Бош прокуратураси ва Молия вазирлигининг “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қўшма қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Лоиҳага кўра, йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома тузилган ҳолларда транспорт воситаси ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича тиббий текширув ДЙҲХХ ходимларининг иштирокисиз пулли асосда ўтказилади.
Тиббий текширув учун транспорт воситаси ҳайдовчилари томонидан тўланадиган пул миқдори Соғлиқни сақлаш органлари томонидан тасдиқланган прейскурант асосида ўрнатилган тартибда амалга оширилади.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун тиббий текширув унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (фуқаролик паспорти, ID карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий билети ва б.) ёки белгиланган тартибда расмийлаштирилган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома асосида амалга оширилади.
Тиббий текширув натижалари бўйича мазкур Низомнинг 1–иловасига мувофиқ икки нусхада баённома тузилади. Баённоманинг бир нусхаси йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчисини тиббий текширувга олиб келган ДЙҲХХ ходимига, ДЙҲХХ ходимларининг иштирокисиз йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома тузилган ҳолларда эса текширувдан ўтказилган шахснинг ўзига топширилади. Баённоманинг иккинчи нусҳаси тиббиёт муассасасида қолади. Баённомада текширув санаси ва тартиб рақами алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича тиббий текширувдан ўтган шахслар ҳисобини юритиш дафтарининг тартиб рақамига мувофиқ ҳолда кўрсатилади.
Тиббий текширувдан ўтказиш натижалари тўғрисидаги хулоса текширувдан ўтказилган шахсга уни олиб келган ДЙҲХХ ходими олдида, ДЙҲХХ ходимларининг иштирокисиз йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида хабарнома тузилган ҳолларда эса ДЙҲХХ ходими иштирокисиз таништирилади.
ДЙҲХХ ходимларининг иштирокисиз йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома тузилган ҳолларда тиббий текширув натижаларига кўра транспорт воситаси ҳайдовчисида мастлик ҳолати аниқланган тақдирда, текширувни амалга оширган тиббиёт ходими томонидан бу ҳақида зудлик билан ички ишлар органларига хабар берилади.
LiveБарчаси