Ҳаво сифатини яхшилаш учун Тошкент ИЭМда мазутдан воз кечилди
Жамият
−
21 Ноябрь 3611 2 дақиқа
Ҳаво сифатини яхшилаш учун пойтахтнинг Яккасарой туманида жойлашган Тошкент иссиқлик электр марказида мазутдан воз кечилди. Бу ҳақда кеча, 20 ноябрь куни журналист ва блогерлар учун “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан ташкил этилган пресс-тур давомида маълум қилинди.
Қайд этилишича, пресс-тур доирасида Тошкент иссиқлик электр марказида амалга оширилган модернизация ишлари жамоатчиликка тақдим этилган. Марказда 5 та қозон агрегати ва 1 та газ-турбина қурилмасида таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Корхонада мазут ёқилғиси фойдаланишдан тўлиқ чиқарилган, электр ва иссиқлик энергияси фақат табиий газ асосидаги замонавий қурилмалар орқали ишлаб чиқарилмоқда.
2024 йилда марказда умумий қуввати 64 МВ бўлган янги 2 та газ-турбина қурилмаси ишга туширилган. Натижада йилига атроф-муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 200 тоннага камайишига эришилган.
Янги қурилмалар орқали йилига қўшимча 515 млн кВ·с электр ва 630 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Экологик назоратни кучайтириш мақсадида корхона ҳудудига 4 та автоматик мониторинг станцияси (АМС) ва 1 та экопост ўрнатилган. Уларнинг барча кўрсаткичлари реал вақтда Экология ташкилотининг Ситуацион марказига узатилади ва доимий таҳлил қилинади. Шунингдек, газ тармоқларида механик бирикма филтрлари тўлиқ янгиланган.
“Корхона Тошкент шаҳри марказида жойлашгани боис, экологияга ижобий таъсир кўрсатиш ва шаҳар кўркини ошириш борасида ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 15,5 гектар ер майдонида 16 490 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, “яшил белбоғ” яратилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ cўнгги кунларда Тошкент шаҳрида ҳавони ифлослантирувчи PM10 ва PM2.5 ўлчамдаги майда чанг зарралари миқдори ошиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ эса Ўзгидромет мазкур ҳолат бўйича ўтказилган мониторинг натижаларини эълон қилди. Унга кўра, бу ҳолат бир вақтнинг ўзида кучайиб намоён бўлган бир нечта табиий омиллар билан боғлиқ.
Live
Барчаси