Ҳарбийлар мигрантларга қарши. Беларусь-Литва чегарасида қандай “ўйин” кетмоқда?

Олам

image
0:00
0:00
download

Турли манбаларга кўра, айни вақтда Беларусь-Польша чегарасида 1-5 минг нафар муҳожир йиғилган. Бу ҳақда Литва чегараси хавфсизлик хизмати раҳбари Рустамас Любаевас маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, Литва Беларусь билан чегарада бундай ҳолат юз беришидан ўтган дам олиш кунлари хабар топган ва “барча мумкин бўлган сценарийларга тайёргарлик кўрмоқда”.

“Ҳозирда Литва Қуролли кучларининг штаб-квартираси билан учрашувлар бўлиб ўтмоқда, биз қўшимча миқдордаги ҳарбий қисмни жойлаштириш имкониятидан фойдаланишни режалаштирмоқдамиз”, дейди Любаевас. 

Ўз навбатида, Литва Ички ишлар вазири Агне Билотайте чегарадаги вазият сабаб мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этишни таклиф қилган.

Қайд этиш керакки, Беларусь билан умумий чегарага эга бўлган бошқа бир ғарбий давлат – Польша ҳам мигрантлар оқимидан хавотирда. 

Хабарларга кўра, Польша Беларусь билан чегарадаги қўшинларининг жанговар ҳолатини оширган ва у ерга ҳарбий дронларни юборган. Мамлакат Ички ишлар вазири Мариуш Блашакга кўра, Беларусь билан чегарада 12 мингдан ортиқ аскар навбатчилик қилмоқда. 

РИА Новости’нинг ёзишича, Беларусь томондан бир неча минг муҳожир мамлакат чегарасига қараб бормоқда. Беларусь ҳарбийлари муҳожирларни чегарадан ўтиш пунктига эмас, балки ўрмон томон йўналтиряпти. 

Эслатиб ўтамиз, Литва айни вақтда Беларусь билан чегарада баландлиги 4 метрни ташкил қилган темир тўсиқ қурмоқда. Ушбу лойиҳа айнан мигрантларнинг ноқонуний оқимига қарши қаратилган. 

Ўз навбатида, Беларусь Президенти Александр Лукашенко ғарбий қўшниларига ноқонуний мигрантлар ҳамда наркотрафик оқимини назорат қилмаслиги билан таҳдид қилганди. Бундай “дағ-дағаларнинг” илдизи эса Ғарб давлатлари билан расмий Минск ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашишига бориб тақалади. 

Маълумот ўрнида, Беларусда 2020 йили бўлиб ўтган президентлик сайловидан сўнг, мамлакатни қамраб олган қўзғалон ва норозиликлар, бундан ҳам ёмонроғи – куч ишлатар тузилмаларнинг намойишларни бостириши, Лукашенконинг барча сиёсий рақиблари қамалиши ёки мамлакатдан қочиб кетиши ҳамда ОАВ вакилларининг тақибга учраши Беларуснинг Ғарб давлатлари томонидан изоляция қилинишига олиб келди. Бунга жавобан Лукашенко айни вақтда қўлидаги “козырь карта”сини ишга солмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

167

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг