Ҳарбий ва идоравий формага ўхшаш кийим кийганлар жазоланиши мумкин
Жамият
−
10 Сентябрь 6794 2 дақиқа
Ўзбекистонда ҳарбий ва идоравий формага ўхшаш кийим-бошдан фойдаланганлик учун жавобгарлик жорий этилиши мумкин. Шуни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси жорий йил 2 сентябрь куни Бош прокуратура томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2091-моддаcига қўшимча киритилмоқда. Унга кўра, “матосининг ранги, тикилиш услуби, фарқловчи белгилари ва бошқа предметлари ҳарбий ва идоравий формали кийим-бош предметларини такрорловчи ёки унга ўхшаш кийим-бошни жорий этиш ёки улардан фойдаланиш” бўйича айбли деб топилганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.
Шунингдек, модданинг биринчи қисмини қуйидагича ифодалаш режалаштирилмоқда:
“Формали кийим-бош кийиб юриши назарда тутилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини, шунингдек, ушбу турдаги формали кийим-бошининг фарқловчи белгилари ва (ёки) рамзларига эга формали кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш формали кийим-бошни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади”.
Мазкур лойиҳа билан, ҳокимият вакили бўлмаган шахс томонидан ҳокимият вакилининг хизмат кийими ёки ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этишни жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Жиноят кодекси 56-моддаси биринчи қисмининг “о” банди қуйидаги таҳрирдаги “о” ва “п” бандлари билан алмаштирилади:
- о) мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кишининг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида жиноят содир этиш;
- п) ҳокимият вакили бўлмаган шахс томонидан ҳокимият вакилининг хизмат кийими ёки ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этиш.
Ҳозирда қонунчиликда тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш учун жавобгарлик назарда тутилган. Яъни, шахс бирорта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг тасдиқланган формали кийим-бошини бирор бир элементини (шеврон, пагон ва ҳ.к.) ўзгартирган ҳолда кийиб юрса, жавобгарликка тортилмайди. Янги киритилаётган нормага кўра, энди ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг тасдиқланган формали кийим-бошига ўхшаш кийим кийиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси 19 сентябргача давом этади.
Live
Барчаси