Ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи хусусий корхоналар 3 баробарга кўпайди
Жамият
−
21 Декабрь 2021
7545Ўзбекистонда ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 6 тага етди. Хусусий секторда бу тур маҳсулотларни ишлаб чиқаришга лицензия олган тадбиркорлар 3 баробарга кўпайди. Бу ҳақда бугун, 21 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида Мудофаа саноати давлат қўмитаси раиси Ойбек Исмоилов маълум қилди.
Ойбек Исмоиловнинг ахборотида келтирилишича, 2021 йилда қўмита тасарруфидаги корхоналар томонидан маҳсулотлар ишлаб чиқиш кўрсаткичи 2020 йилга нисбатан 3,5 баробар, хорижий давлатларга маҳсулотлар экспорти 1,9 баробарга ошган.
Қўмитаси тасарруфидаги корхоналар сони 6 тага етиб, ҳарбий маҳсулотларни ишлаб чиқаришга лицензиялаштирилган хусусий сектор корхоналари 3 баробарга ортган.
Қайд этилишича, корхоналар замонавий, энергия тежовчи, рақамли-дастурлаштирилган бошқарувли дастгоҳлар ва ускуналар билан босқичма-босқич жиҳозланган. Улар базасида капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари ўтказилган. Ушбу мақсадларга йўналтирилган маблағлар, ўтган йилга нисбатан 15 баробарга ўсган.
Шунингдек, енгил зирҳланган автомобиллар ва тунги кўриш приборлар каби юқори технологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 20 дан ортиқ турдаги замонавий талабларга жавоб берадиган ҳарбий ва икки мақсадда қўлланиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, дунёнинг етакчи давлатлари билан ҳукуматлараро ҳарбий-техникавий ҳамкорлик комиссиялари фаолияти йўлга қўйилган.
“Ўзбекистон тарихида илк бор миллий Мудофаа саноати маҳсулотлари жорий йилнинг 23-26 июнь кунлари Беларуснинг Минск шаҳрида ўтган “MILEX-2021” қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар халқаро кўргазмасидаги намойиши катта эътирофга сазовор бўлди.
Умумий ҳисобда ўтган давр ичида қўмита ва унинг корхоналари томонидан йирик лойиҳалар амалга оширилди, кўплаб турдаги ҳарбий ва икки мақсадли маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилди, юзлаб иш ўринлари яратилди ва сезиларли миқдорда хорижий валюта тежаб қолинди”, дея маълум қилган Ойбек Исмоилов.
LiveБарчаси