Ҳар бир туман ва шаҳарга спорт мусобақаси ўтказиш учун 1 млрдгача маблағ ажратилади
Жамият
−
11 Ноябрь 2021
3953Ҳар бир маҳаллада футбол ва бошқа спорт турлари бўйича жамоалар тузилади. Бу Президентнинг “Спорт таълими тизимини тубдан такомиллаштириш орқали олимпия ва паралимпия спорттурлари бўйича спортчилар захирасини шакллантириш сифатини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.
Ҳужжатга асосан 2022 йилдан бошлаб туман (шаҳар)да олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича расмий спорт мусобақаларини ўтказишни молиялаштириш учун 110 млрд сўм ҳамда ушбу мақсадлар учун ҳар йили ҳар бир туман (шаҳар)га 300 млн сўмдан 1 млрд сўмгача маблағ ажратилади. Кўрсатилган маблағларнинг ажратилганлиги ва унинг харажатлари тўғрисидаги маълумотлар "Очиқ бюджет" ахборот порталига жойлаштириб борилади.
Ҳар бир маҳалла, умумий ўрта таълим мактаби, ўрта махсус профессионал таълим муассасасида жамоавий спорт турлари (баскетбол, волейбол, гандбол, футбол ва бошқалар) бўйича жамоалар тузилади. Бунда:
• маҳалладаги жамоаларга - спорт-таълим муассасалари тренерлари;
• умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларидаги жамоаларга - жисмоний тарбия ўқитувчилари масъул этиб белгиланади.
Олий таълим муассасалари жисмоний тарбия ва спорт фаолияти йўналишларининг 3-4-курсларида таҳсил олаётган талабаларга:
• мактабгача таълим ташкилотларида жисмоний тарбия йўриқчиси ва умумий ўрта таълим мактабларида жисмоний тарбия ўқитувчиси;
• спорт-таълим муассасаларида тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади.
Уларга ўрта-махсус маълумотли педагогнинг базавий тариф ставкалари бўйича ҳар ойда иш ҳақи тўлаб борилади.
Ўзбекистон чемпионатлари (кубоклари) 4 та босқичда амалга оширилади:
• I босқич - маҳалла (муассаса) миқёсида;
• II босқич -туман (шаҳар) миқёсида;
• III босқич - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар миқёсида;
• IV босқич - республика миқёсида.
2022 йил 1 августдан бошлаб ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) махсус спорт тизимини бошқариш платформаси (кейинги ўринларда - Платформа) орқали амалга оширилади. У қуйидагиларни таъминлайди:
• Ўзбекистон чемпионатлари (кубоклари)нинг барча босқичлари билан боғлиқ ҳужжатларни рақамлаштириш;
• барча спорт-таълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилиш;
• Давлат бюджетидан спорт соҳаси, шунингдек, спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика ва ҳудудий календарь режалари учун ажратиладиган маблағлар тақсимланиши ва ишлатилишининг тўлиқ назоратини амалга ошириш;
• ҳисоботларни шакллантириш, спорт-таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлар тушумларини назорат қилиш ва ишлатилиши шаффофлиги.
Платформа спорт синовларининг платформаси (www.jtdss.uz) билан интеграция қилинади. Спортчи ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) мақсадида унда видеохостинг жойлаштирилади. Платформада энг яхши қисқа метражли видеороликни жойлаштирган шахслар Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь