ҲАМАС қуролларни ташлашга кафолат бермайди
Олам
−
18 Октябрь 3341 5 дақиқа
ҲАМАС Ғазо уруши тугагандан сўнгги ўтиш даврида ҳам минтақада хавфсизлик назоратини ўз қўлида сақлашни мўлжалламоқда. Бу ҳақда ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад Наззалга таяниб, “Reuters” хабар берди.
Унинг айтишича, ҲАМАС ҳозирча қуролсизланиш бўйича аниқ мажбурият ола олмайди – бу эса АҚШнинг жанговар ҳаракатларга барҳам бериш режалари учун жиддий қийинчиликлар туғдиради.
Муҳаммад Наззал, шунингдек, вайрон бўлган Ғазони қайта тиклаш учун гуруҳ беш йилгача оташкесимга тайёр эканини айтди. Аммо, кейинги босқичда нима бўлиши ҳақида кафолатлар, Наззалга кўра, фақат фаластинликларга давлатчилик умиди ва истиқболлари берилсагина муҳокама қилинади.
Доҳада (Қатар) интервью берган Наззал, ҲАМАС томонидан Ғазода амалга оширилган қаттиқ чоралар ва жамоат олдидаги қатлларни ҳимоя қилди. Унинг сўзларига кўра, уруш пайтида “истисно ҳолатлар” бўлади ва қатл этилганлар одам ўлдиришда айбдор жиноятчилар бўлган.
Қуролсизланиш учун босим
ҲАМАС бу фикрларни олдин ҳам ҳар қанча билдирган бўлса-да, Наззалнинг айнан ҳозирги пайтда айтган гаплари Ғазода урушга тўлиқ чек қўйиш ҳаракатлари олдида турган жиддий тўсиқларни кўрсатади – айниқса, оташкесимнинг биринчи босқичи келишилганига бир неча кун ўтган бир вақтда.
Бу баёнотлар ҲАМАСнинг позициялари билан АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо бўйича режаси ўртасида катта тафовутлар мавжудлигини ошкор қилади, айниқса, ҲАМАСнинг қуролсизланиши ва Ғазони бошқариш тартиби ҳақидаги музокаралар арафасида.

Наззалнинг сўзлари ҳақида изоҳ сўралганда, Исроил Бош вазири аппарати Исроил оташкесим келишувига содиқ қолаётгани ва ўз зиммасидаги мажбуриятларни бажаришда давом этишини билдирди.
“ҲАМАС 1-босқичда барча гаровдагиларни озод этиши керак эди. Бу амалга ошмади. ҲАМАС гаровдаги фуқароларимизнинг жасадлари қаердалигини билади. Келишувга кўра, улар қуролсизланиши шарт – ҳеч қандай баҳонасиз. Улар бунга риоя қилмади. ҲАМАС 20 бандик режага амал қилиши керак. Вақт тугаяпти”, дейилган Исроил баёнотида.
Трамп 29 сентябрда тақдим этган режада ҲАМАС дарҳол барча гаровдагиларни қайтариши, шундан сўнг қуролсизланиши ва Ғазони халқаро ўтиш даври назоратидаги технократлар қўмитасига топшираши назарда тутилган.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу режани қўллаб-қувватлаган, у бу орқали ҲАМАСнинг ҳарбий салоҳияти йўққа чиқарилиши, сиёсий ҳукмронлиги тугатилиши ва Ғазо яна бир бор Исроилга таҳдид солмаслигига ишонч билдирган.
Исроил маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрь ҳужумларида ҲАМАС бошчилигидаги жангчилар 1 200 кишини ўлдирган ва яна 251 нафарни олиб кетган. Исроилнинг урушдаги жавоб зарбалари оқибатида эса Ғазода деярли 68 минг киши ҳалок бўлган.
Урушда қаттиқ зарба еган ҲАМАС катта босим остида – агар қурол топширмаса ва Ғазо устидан назоратдан воз кечмаса, можаро қайта авж олиши мумкин.
“Мен бу саволга “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб бера олмайман. Ростини айтсам, бу лойиҳанинг моҳиятига боғлиқ. Қуролсизланиш дегани нима? Қуроллар кимга топширилади?” деди Наззал ҲАМАС қуролсизланишга тайёрми, деб сўралганда.
Унинг қўшимча қилишича, кейинги босқич музокараларида қурол масаласи фақат ХАМАС эмас, бошқа фаластинлик қуролли гуруҳларни ҳам қамраб олади ва бу фақат умумфаластин позицияси асосида ҳал этилиши лозим.
Оқ уйдан Наззалнинг сўзларига муносабат сўралганда, Трампнинг 16 октябрдаги изоҳлари кўрсатилди.
“Биз улардан мажбурият олганмиз ва улар бу мажбуриятга амал қилади, деб ишонаман”, — деган Трамп, ХАМАС яна бир неча жасадни қайтарганини таъкидлаб, лекин қуролсизланиш ёки заминда уларнинг вақтинча мавжудлиги ҳақида изоҳ бермай.
Наззал, шунингдек, 2023 йил 7 октябрь ҳужумларида ўлдирилган гаровдагиларнинг қолган жасадларини ҲАМАС сақлаб қолишдан манфаатдор эмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҲАМАС 28 та жасаддан камида 9 тасини топширган, қолганларини излашда техник қийинчиликлар бор ва зарурат бўлса, Туркия ёки АҚШ каби халқаро тарафлар ёрдам бериши мумкин.

Ўтган ҳафта бир турк расмийси Туркия Исроил, АҚШ, Қатар ва Миср билан биргаликда жасадларни қидириш бўйича қўшма гуруҳда иштирок этишини айтган эди.
ҲАМАС 4 октябрда гаровдагиларни озод қилиш ва бошқарувни технократлар қўмитасига топширишга рози бўлган, аммо бошқа масалалар фақат кенгроқ Фаластин доирасида муҳокама қилиниши кераклигини билдирган. 13 октябрь куни гуруҳ барча тирик гаровдагиларни озод қилди.
Наззал иккинчи босқич музокаралари тез орада бошланишини маълум қилди.
Сайловлар мақсади ва фаластинликлар учун “умид”
14 октябрь куни Трамп ҲАМАСга аниқ билдирилганини, у қуролдан воз кечиши кераклигини ёки мажбурланиб шунга етакланишини айтди. Шунингдек, у ҲАМАСга Ғазода ички хавфсизлик фаолияти учун вақтинча рухсат берилганини баён этди ва ҳатто гуруҳнинг жиноий тўдаларга қарши қаратилган қатлларини маъқуллади.
“Бу ўтиш даври. Фуқаровий бошқарув сифатида, айтганимдек, технократик маъмурият бўлади. Аммо ҳудудда ҲАМАС ҳозир бўлади”, деди Наззал.
У ўтиш босқичидан кейин сайловлар бўлиши лозимлигини билдирди. Ноззалга кўра, воситачилар билан музокараларда, Трамп режасида назарда тутилган Ғазога халқаро барқарорлик кучларини жойлаштириш масаласи ҲАМАС билан муҳокама қилинмаган.

Наззал, шу билан бирга айтдики, ҲАМАС АҚШ расмийлари билан учрашувларда узоқ муддатли, камида уч ёки беш йиллик тўхтатиш (тўхтатиш чоралари) таклиф қилган, бу вақт ичида Ғазони тиклашга эътибор қаратилади.
“Мақсад келгусидаги урушга тайёргарлик эмас Бу муддатдан кейинги кафолатлар учун эса, мамлакатлар Фаластин халқига “фазо ва умид” – яъни истиқбол ва давлатчилик умидини тақдим этиши талаб этилади. Фаластин халқи мустақил Фаластин давлатини истайди”, деди у.
Live
Барчаси