ҲАМАС Ғазо секторини бошқармаслиги керак – Риши Сунак
Олам
−
24 Январь
3462Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ҲАМАС Фаластин анклавида тинчликни таъминлаш учун гаровга олинган барча исроилликларни озод қилиши ва Ғазо сектори устидан назоратдан воз кечиши кераклигини айтди. Бундай фикрни у бугун, 23 январь куни мамлакат парламентининг Жамоатлар палатасида (қуйи палата) сўзлаган нутқида билдирди.
"Буюк Британия Ғазодаги жанглар имкон қадар тезроқ тугатилишини истайди. Биз жанговар ҳолат, вайронагарчилик ва ўлимга қайтмасдан, барқарор, доимий ўт очишни тўхтатиш йўлидаги муҳим қадам сифатида ёрдам етказиб бериш ва гаровга олинганларни олиб чиқиш учун зудлик билан гуманитар паузани қўллаб-қувватлаймиз. Лекин бунга эришиш учун ҲАМАС барча гаровга олинганларни озод қилишга рози бўлиши керак. Улар энди Ғазони бошқара олмайди. ҲАМАСнинг террор таҳдиди ва ракета ҳужумлари тўхтатилиши лозим. Фаластин миллий маъмурияти анклавни бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш учун Ғазога қайтиши ҳақида келишувга эришиш керак”, дейди у.
Сунак Британия ҳукумати доимий равишда Яқин Шарқ можаросини икки давлатнинг ёнма-ён яшаши тамойили асосида ҳал этиш тарафдори эканини таъкидлади. Шунингдек, Бош вазир Лондон Исроилнинг Ашдод порти орқали Ғазога гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаш ниятида эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу масала кеча, 22 январь куни АҚШ Президенти Жо Байден билан телефон мулоқоти чоғида муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, у Ямандаги ҳусийларга қарши ҳаракатлар ҳақида ҳам сўз очди ва Буюк Британия ўз иттифоқчилари билан биргаликда қурол етказиб беришни тўхтатиш учун чора кўришини қўшимча қилди.
"Ҳусий жангариларига ноқонуний қуроллар оқимини тўхтатишимиз керак. Биз аввалроқ минтақада қурол-яроғ жўнатмаларини, шу жумладан бугунги кунда ҳусийлар томонидан қўлланилаётган қисмларни тўхтатган эдик. Денгиз минтақавий хавфсизлигини таъминлаш катта аҳамиятга эга. Бу қурол ва унинг таркибий қисмларини етказиб беришни тўхтатиш учун иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан яқин ҳамкорликни ўз ичига олади”, дейди у.
Шунингдек, Сунак Лондон яқин кунларда ҳусийларга қарши янги санкциялар эълон қилишини айтди.
"Биз ҳусийларнинг ҳужумлари учун фойдаланадиган молиявий манбаларини кесиш учун қўлимиздаги энг самарали воситалардан фойдаланишга тайёрмиз. Биз бу масалада АҚШ билан яқиндан ишлаяпмиз ва яқин кунларда янги санкция чораларини эълон қилишни режалаштирмоқдамиз", деб қўшимча қилган Бош вазир.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 23 январга ўтар кечаси Буюк Британия ва АҚШ ҳусийларнинг позицияларига қарши расман тасдиқланган иккинчи қўшма зарбаларни бошлаганди. Уларнинг асосий нишонлари ҳусийларнинг ерости омборлари ва ракета учириш ва ҳаводан кузатув билан боғлиқ объектлари бўлган. Томонлар ҳусий нишонларини бомбардимон қилиш орқали “Қизил денгизда барқарорликни тиклаш” ва минтақада навигация эркинлигини таъминлаш ниятида эканликларини айтмоқда.
Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон ҳам Лондон ҳусийларнинг ҳарбий салоҳиятини камайтириш учун Ямандаги нишонларга зарба беришда давом этишини маълум қилганди.
LiveБарчаси