Ҳақиқат барибир синмади – Алламжонов
3-саҳифа
−
12 Февраль
25352Бугун, 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган суиқасдга оид жиноят иши доирасида 10 нафар шахс қамалганига Алламжоновнинг ўзи муносабат билдирди. Бу ҳақда у Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
У ўз постида ўтган 5 ой ичида кўрган кечирганларини эслаб, ҳақиқат барибир синмаслигини ёзган.
“Катта ойим раҳматлик ҳар доим дуо қилганларида, ўт балосидан, сув балосидан, қуруқ туҳматдан Аллоҳнинг ўзи асрасин дердилар. Ўтган 5 ой ичида ўзимдан ўтгани фақат ўзимга, оиламга, энг яқинларимга аён. Ҳақиқат эгилганда эгилиб, букилгандаям икки букилиб барибир синмади, у барибир юзага чиқди. Юзага чиқади ҳам.
Аллоҳга минг шукур. Бандасидан қочганлар Яратгандан қочолмайди. Ҳали олдинда қиладиган ишлар, яна кўп синовли кунлар бор. Илоҳим буларнинг ҳаммасидан ёруғ юз билан ўтиш насиб қилсин! Аллоҳ ҳаммамизнинг омадимизни берсин”, дея ёзган у.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга оид жиноят иши доирасида 10 нафар шахс – Шуҳрат Расулов 23 йил, Жавлон Юнусов 18 йил 6 ой, Шоҳрух Аҳмедов 23 йил, Исмоил Жаҳонгиров 23 йил ва Дониёр Тошхўжаев 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Қолган 5 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.
LiveБарчаси