Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳаво ҳарорати пасаяди – Ўзгидромет
Бу қизиқ
−
18 Апрель 2022
14841Узоқ муддатли қуруқ об-ҳаводан сўнг, бугун, 18 апрель куни Ўзбекистоннинг жануби-ғарбий ҳудудларига Туркманистон устида шаклланган юқори циклон билан боғлик нам ҳаво массаси тарқала бошлайди. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.
Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Кундузги ҳаво ҳарорати 25-30 даража атрофида, ёмғир пайтида 20-25 даража бўлади.
19-20 апрель кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига циклон таъсири тарқалади. Республика бўйича ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди ва 20 апрелда 23-28 даражани ташкил этади.
18 ва 19 апрелда баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон кўтарилади.
Иш ҳафтасининг иккинчи ярмида Ўзбекистон бўйича қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кечалари бироз салқин бўлади, 22 апрелга келиб кундуз куни ҳарорат яна 25-28 даражагача кўтарилади.
18-21 апрелда республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкин.