Саводсизлик урчиган Ўзбекистон, хиёнаткор раҳбарлар, Лола Каримованинг пуллари, мигрантларига нўноқ ТИВ – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Биз Док-1 Макс дориси сабаб 65 нафар норасиданинг вафот этганидан хулоса чиқармаган одамлармиз. Хулоса қилганимизда эди, бугун ҳаммаси бошқача бўларди. Айниқса, тизим ўзгарарди, айрим шифокорларимиз ишига, инсон саломатлигига жиддийроқ қараган, нафси ҳакалак отмаган бўларди. Антибиотик, гармон каби кучли ва жаҳон тажрибасида одатда болаларга тавсия қилинмайдиган дори воситаларини етти ўлчаб, кейин тавсия қиларди. Тугаётган ҳафтада бир неча хусусий клиникалар ва давлат шифохоналарида бўлдим, педиатрлар билан суҳбатлашдим. Албатта, улар орасида касбининг фидойилари, миллат саломатлиги учун умрини тикканлар талай. Шифохоналар эса болалар ва докторнинг кўзига мўлтираб, ёзган рецептини олганча дорихонага чопаётган ота-оналар билан тўла. Энг қизиғи, ўша кучли дорилар ҳеч қандай рецептсиз сотилади. Болаларда тарқалаётган ўткир респиратор вирус ёки пневмониянинг даъвоси фақат антибиотик, гармонларми? Дорилар ҳар бир боланинг бугунгача кечирган касалликлар тарихи, айни вақтдаги қон таҳлиллари, рентген ва бошқа таҳлилларга кўра тавсия этилиши керакмасми? Куни кеча давлат шифохоналаридан бирида ишлайдиган шифокор билан гаплашиб қолдим. У минг афсус билан баъзи хусусий клиникаларда болалар шунчаки тажриба қуёнчаси қилинаётгани, ҳамма болага “оптом”ига антибиотиклар, гармонлар тавсия этилаётгани, булар эса келажакда уларнинг саломатлигида жиддий асоратлар қолдиришидан ёзғирди. Ота-оналар ўйламаётган нарсани бегона шифокор ўйлаяпти. 

Телеканал бошловчиси ўлимида айбланганлар жазога тортилди

Дастурни соғлиқни сақлаш тизимига оид хабар билан бошласак. 2023 йилда вафот этган “Дунё бўйлаб” телеканалининг марҳум 31 ёшли бошловчиси Рамина Ягафарованинг ўлими ортидан у жон берган хусусий клиниканинг икки шифокори жиноий жазога тортилди.

Суд материалларида қайд этилишича, икки нафар тиббиёт ходими “Doctor Servis” МЧЖга қарашли хусусий клиникада реаниматолог шифокор бўлиб ишлаб келган.

2023 йилнинг 12 сентябрь куни Рамина Ягафарова хусусий клиникада даволанаётган онасини кўргани келиб, бетоблиги сабабли ўзи билан бирга олиб келган “Тайгерон” номли дори воситасини истеъмол қилиб, мазкур дори воситасининг реакцияси оқибатида анафилактик шок ҳолатига тушиб қолган.

Журналистда анафилактик шок ҳолати яққол кўриниб турганига қарамай, шифокор унга “дори воситаларидан анафилактик реакция” ташхисини нотўғри қўйиб, дастлабки даво чораларини патогенетик йўналишга мос бўлмаган усулда олиб борган. Соғлиқни сақлаш вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги буйруғи билан тасдиқланган “Анафилактик шок билан касалланган беморларни даволаш бўйича миллий клиник протокол”да бундай беморга инсон организмининг ички аъзолари фаолиятини тикловчи “Эпинефрин” (Адреналин) дори воситаси қўлланиши тўғридан тўғри кўрсатилганига қарамасдан шифокор бепарволик билан мазкур дори воситасини қўллашни буюрмаган.

Бундан ташқари, шифокор Ягафаровага сўроқ остида пневмония ташхисини қўйган бўлса ҳам, рентген текширувлари ўтказиб, пневмония ташхиси бор ёки йўқлигига аниқлик киритмаган.

Шифокор бемордаги анафилактик шок ҳолатини бартараф этиш, унинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳамда даво усулини танлаш мақсадида аллерголог ва терапевт мутахассисларининг маслаҳатини олмай, келгусида турли хил анафилактик шок ташхисини бартараф этишга патогенетик йўналишига мос бўлмаган, тўғридан тўғри даволашга мўлжалланган дори воситаларидан четга чиққан ҳолда, ушбу касалликни бартараф этишга мослашмаган ҳамда қарши кўрсатмаларга эга бўлган турли дори воситалари, яъни “Гистамин-либератори” ҳисобланувчи – ҳужайра ичидаги “Гистамин” моддасини қонга янада кўп миқдорда чиқиши ва анафилактик реакцияни янада кучайтирувчи қарши кўрсатмалари бўлган “Кальций глюконат” дори воситасини ҳамда қориндаги кучли оғриқни қолдириш мақсадида таркибида “наркотик” моддаси бўлган “Промедол” дори воситасини қўллашни буюрган.

Шунингдек, шифокор Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган Ўзбекистондаги дори воситаларининг қўлланмалари ҳақидаги “Справочник видаль” номли китобда “Натрий гидрокарбонат” дори воситаси тутқаноқ хуружини келтириб чиқаришга мойиллиги қайд этиб ўтилган бўлса-да, тўғридан тўғри анафилактик шок ҳолатида қўлланмайдиган 400 мл дозада “Натрий гидрокарбонат” дори воситасини қўллаган.

Суд ҳужжатига кўра, шифокор ўз касбига бепарво муносабатда бўлган ва бемор 12 соат вақт мобайнида қаровсиз қолиб кетган.

Иккинчи шифокор эса Ягафаровани умумий оғир аҳволда қабул қилиб олган ҳамда бош шифокор билан биргаликдаги кўрикда унга “анафилактик шок” ҳамда “қариндошлари сўзидан тутқаноқ синдроми” ташхисини қўйган. У Ягафарованинг аҳволи оғир бўлса ҳам уни анафилактик шок ҳолати бўйича даво муолажаларини олиб боришга ихтисослаштирилган муассасага кўчириш чораларини кўрмаган. Беморнинг тиббий картасига “бемор ва унинг қариндошларига ихтисослаштирилган даволаш муассасасига кўчириш таклиф қилингани, бироқ бемор ва унинг қариндошлари бунга розилик бермагани” ҳақидаги ёзувларни киритиш билан чекланган.

У ҳам Ягафаровага мазкур касалликни бартараф этишга мослашмаган ҳамда қарши кўрсатмаларга эга бўлган турли дори воситалари, яъни артериал қон босимининг янада пасайишига олиб келувчи қарши кўрсатмалари мавжуд бўлган “Натрий тиосулфат” ҳамда “Кальций глюконат” дори воситаларини қўллашни буюрган.

Ушбу икки шифокор бемор Рамина Ягафаровага тиббий ёрдам кўрсатиш давомида “Анафилактик шок билан касалланган беморларни даволаш бўйича миллий клиник протокол” талабларига зид равишда тиббий нуқсонларга йўл қўйган. Бунинг оқибатида беморнинг умумий аҳволи оғирлашган ва “тутқаноқ хуружи” юз берган. Сўнг у юқори нафас йўллари овқат массалари билан беркилиши оқибатида механик асфиксия-аспирацион синдромидан вафот этган.

Жорий йилнинг 7 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида бўлиб ўтган судда ҳар иккала шифокор ҳам айбини тан олмаган. Суд ҳукми билан улар Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 1 йил 6 ой муддатга соғлиқни сақлаш тизимида реаниматолог вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шу билан бирга, улардан солидар тартибда жабрланувчининг қонуний вакили фойдасига 334 миллион 150 минг сўм, тақрибан 26 минг АҚШ доллари миқдорида моддий зарар ундириш белгиланган. Одам ҳаёти бор-йўғи шунча туради.

Эркинжон Турдимов вилоятдаги катта-кичик раҳбарлардан диктант олди

Менинг бувим Васила Хўжаева 23 ёшларида мактаб директорлигига тайинланганлар ва то нафақагача шу лавозимда хизмат қилганлар. Бувимни эслаганларнинг айтишича, мактабга ўқитувчиларни ишга қабул қилишдан аввал уларга энг камида ариза ёки диктант ёздириб кўрар эканларки, миллатнинг боласига илм берадиган одамнинг ўзи энг аввало илмли, саводли бўлиши керак, деган талаб бўларкан бунинг ортида. Тугаётган ҳафтада Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов одамларимиз саводсиз бўлиб бораётган бу даврда вилоятдаги катта-кичик раҳбарлардан диктант олгани ҳақидаги хабарни эшитиб, болалигимда эшитганларим ёдимга тушди.

Сирдарёлик расмийларнинг билдиришича, диктант ёзиш амалиёти раҳбар ходимларнинг саводхонлик даражасини баҳолаш мақсадида ўтказилган.

Маълумки, Ўзбекистон икки алифбо орасида аросатда. Мамлакат аҳолисининг жуда кўп қисми, айниқса, ўрта ёшдагилар ҳамон кирилл алифбосидан фаол фойдаланади. Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда ҳужжатлар ва расмий ахборотларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида расмийлаштириш тўлиқ жорий этилиши керак. Аммо қарор ижроси пайсалга солиб келинмоқда.

Хуллас, ушбу қарорнинг Сирдарё вилоятидаги ижроси вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинган ва раҳбар ходимларнинг саводхонлик даражасини баҳолаш мақсадида диктант олинган. Натижалар эса мақтагулик эмас.

Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 9 нафар раҳбар ходимидан 6 нафари, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 5 нафар раҳбар ходимидан 4 нафари, “Ўзтелеком” АЖ Сирдарё филиалининг 10 нафар раҳбар ходимидан 7 нафари, “Ўзбекистон почтаси” АЖ вилоят филиалининг 8 нафар раҳбар ходимидан 4 нафари қониқарсиз баҳо олган.

Энди мен сизга айтсам, саводсизликнинг катта-кичиги бўлмайди. У чуқур илдиз отса, фаросатсизликка, илмсизликка, жаҳолатга йўлбошчи бўлади. Бунинг зарари фақат ўзингизга тегса майли, бутун жамиятни заҳарлайди. Бундан олдинги хабарларда айтилганидек, одамларнинг ўлимигача сабаб бўлади.

Бироқ савод масаласида давлатнинг ўзи бош ислоҳотчи. Одамларга нима сингдирилса, янада аниқ айтсам, ерга қайси дарахт экилса, ўшандек мева беради. Бугун қатор қарорларга қарамай, тил ва алифбо масаласи жиддий назоратсиз қолмоқда ва бу жамоатчилик фаолларининг баъзан кескин тортишувларига сабаб бўлади. Оқибатда эса масала ижобий томонга ҳал бўлиш ўрнига тарафлар бир-бирини миллатчиликда айблашга ўтади.

Айни вақтда Ўзбекистонда кўплаб идораларда, айниқса, хусусий ширкатларда рус тилидан фаол фойдаланилади, бу ҳужжатларда ҳам ўз ифодасини топган. Аҳолига тақдим этиладиган материалларнинг аксари эса кирилл алифбосида.

“Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси эса лойиҳалигича қолиб кетди. Унда 28 ҳарф ва 1 та ҳарфлар бирикмасидан иборат ўзбек алифбоси жорий этилиши белгиланганди. 2023 йилнинг декабрь ойида Тошкентда ўтган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро илмий конференцияда нутқ қилган Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам мамлакатда амалда бўлган лотин алифбоси билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирганди, бироқ у бу мавзуга қайтиб тўхталмаган.

АҚШ импорт божлари Ўзбекистонга ҳам таъсирини ўтказмоқда

АҚШ импорт божлари Ўзбекистонга ҳам таъсирини ўтказмай қолмаяпти ва бу халқаро савдода баъзи давлатларнинг Ўзбекистон билан агрессив рақобат қилишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев тугаётган ҳафтада ўтказган видеоселектор йиғилишида гапирди.

Мирзиёевга кўра, айни вазиятда давлатлар ўртасида шаклланган ишончга путур етмоқда.

Президентнинг айтишича, кўплаб раҳбарлар вазиятнинг қанчалик жиддийлигини пайқамай, мудраб ўтирибди. Давлат раҳбари бундай лоқайдликни халққа хиёнат деб баҳолади.

Давлат раҳбарига кўра, ўзига нисбатан энг катта импорт божлари қўйилган давлатлар эндиликда Ўзбекистон экспорт қилаётган йўналишларга ўзининг маҳсулоти билан кириш учун агрессив савдо сиёсатини юритиши мумкин. Гап Ўзбекистон кириб борган ип-калава, мато, газлама, тайёр текстиль ва маиший техника бозорларида ҳам аёвсиз рақобат бўлиши ҳақида кетмоқда.

Йиғилишда айрим раҳбарлар тенденцияларни ўрганиб, хатарларни тўғри баҳолаб, тадбиркорларга йўл очиш ўрнига ўзи тўсиқ бўлаётгани танқид қилинди. Масалан, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимидаги эскирган талаблар ва бюрократия тадбиркорларнинг “қўлини боғлаётгани”, соҳада коррупцияни келтириб чиқараётгани айтилди.

Шунингдек, Президент тадбиркорларни анчадан бери қийнаётган масалага тўхталди. Айтайлик, сиз ишлаб чиқарувчисиз. Қийналиб, бирор маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳаракат қиляпсиз. Лекин бошқаси хориждан товар олиб келиб, унинг таннархини ўта паст кўрсатиб, жуда кам миқдорда бож тўлаяпти ва бу хориж маҳсулоти бозорга арзон нархда кириб келиши, ўзимизда ишлаб чиқарилганидан арзон сотилишига сабаб бўляпти. Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчининг эса шўрига шўрва тўкиляпти. Президент буларни билади ва бунга ечим ҳам кўрсатди.

Йиғилишда давлат раҳбари 1 июлдан бошлаб бирорта товар экспортига чеклов бўлмаслигини эълон қилди. Фақат 86 та товар гуруҳига кирган хомашё ва ижтимоий аҳамияти юқори маҳсулотларга нисбатан экспорт божлари жорий қилинади.

Шунингдек, жойларда ер солиғи ва ижара тўловларига оширувчи коэффициент белгилаётганда унинг бизнесга таъсирини ўрганиш, тадбиркорларнинг имконияти ва молиявий аҳволидан келиб чиқиб, қарор қабул қилиш муҳимлиги айтилди.

“Тушумни кўпайтириш солиқ ставкасини ошириш ҳисобидан бўлмаслиги керак. Аксинча, тадбиркорга ёрдам бериб, солиқ базасини кенгайтирсак, тушум кўпаяди, тадбиркорлар ҳам рози бўлади”, дейди Президент.

Эндиликда тадбиркорларга ушбу солиқларни йилда иккига бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Хоразмда 7-синф ўқувчиси тунги клубда раққосалик қилаётгани аниқланди

Саводсизлик ҳақида кўп гапирдик. Лекин бир нарсани тан олиш керак, у фақат бир одамнинг хоҳиш-иродаси билан юзага келмайди. Давлат ва жамият бунда асосий иштирокчи. Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 7-синф ўқувчиси тунги клубда раққосалик қилаётгани бунинг яққол исботи.

Тугаётган ҳафтада Хоразмда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан тунги пайтда фаолият олиб борувчи кафе, бар ва ресторанларда назорат-рейд тадбирлари амалга оширилган.

Тадбир давомида дискотекалардан бирининг раҳбари вояга етмаган 7-синф ўқувчиси бўлган 14 ёшли қизни тунги клубда раққосалик билан шуғулланишига йўл қўйиб келгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан клуб раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддаси (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

14 ёшли қиз тунги клубда ижтимоий хавфли аҳволда қаровсиз ва назоратсиз қолгани аниқланиб, Ички ишлар бошқармасига қарашли бўлган Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.

Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг билдиришича, қиз Урганч шаҳридаги 8-сонли мактабнинг 7-синфи ўқувчиси бўлган, аммо 2024 йил 24 ноябрда Хоразм вилояти Болалар масалалари бўйича Урганч шаҳар комиссиясининг 162-сонли қарори ва ушбу қарор асосида 2024 йил 3 декабрдаги мактаб буйруғи билан ўқувчилар сафидан чиқарилган.

Қиз ота-онаси билан узоқ муддатга 2024 йил декабрь ойида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига чиқиб кетган ва жорий йил февраль ойида Ўзбекистонга қайтиб келган. Лекин ота-онаси ёки тегишли ташкилотлар томонидан бу бўйича мактабга хабар берилмаган. Ушбу ўқувчи бугунги кунда вилоятдаги ҳеч бир мактаб рўйхатида қайд этилмаган. Важни қаранг гўзаллигини. Ўзи бизда шунақа. Қайсидир амалдор пора олиб қўйса, бир кун олдин қандайдир буйруқ тайинланиб, лавозимидан озод этилган бўлиб чиқади ёки иш вақтида содир этмаган, деган баҳона ўйлаб топилади. Энди бу боланинг жавобгарлигини ҳам ҳеч ким олмоқчи эмас. Хўш, маҳалла, участка нозири қаерга қараяпти?

Россиянинг Калининград шаҳридаги кўп қаватли уйда 4 нафар ўзбекистонликнинг жасади топилди

Россияда Марказий Осиёдан борган мигрантлар билан боғлиқ вазият борган сари жиддий тус олаётган, қирғизистонлик мигрантлар ҳаммомда ҳам тинч қўйилмаган бир пайтда тугаётган ҳафтада Россиянинг Калининград шаҳри Гагарин кўчасидаги кўп қаватли уйда 4 нафар Ўзбекистон фуқароси ўлик ҳолда топилди. Улар Россияга ишлаш учун борган бўлган.

Мигрантларнинг ўлимида терговчилар томонидан жиноят аломатлари аниқланмаган. Маълум қилинишича, тўртовлон Гагарин кўчасида жойлашган 22-уйдаги 5-хонадонга бир ой аввал жойлашган.

Марҳумларнинг жасади олиб чиқилгач, уйнинг эшиги қулфланган. Терговчилар қўшниларни ҳам сўроққа тутган. Улар эса вафот этган ўзбекистонликларнинг уйга кам келгани, кўп ишлагани ҳақида гапирган.

Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг ўлимига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлган. Вилоят тергов қўмитаси берган хабарга кўра, ижарадаги хонадонда газ жиҳозларига нотўғри хизмат кўрсатилган.

“Иш бўйича тергов ишларини вилоят прокуратураси ҳам назорат қилмоқда. Хонадон эгаси уларнинг ўлими учун жавобгар бўлиши мумкин. Иш очилган модда бўйича энг кўп жазо бир неча йиллик қамоқ жазосига тўғри келади”, деган Россия Тергов қўмитаси раҳбарининг Калининград вилояти бўйича катта ёрдамчиси Наталья Гацко.

Хуллас, хориждаги ўзбекистонликлар ҳақида гап келганда айтиб олай: тугаётган ҳафтада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга хорижда бўлиб турган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда қилаётган ишлари бўйича парламент сўрови юборилди.

Шуни айтиш ўринлики, кўп ҳолларда вазирлик хорижда бўлиб турган ўзбекистонликларнинг жиноят қурбони бўлиши, ўлдириб кетилиши ёки бахтсиз ҳодиса сабаб вафот этиши билан боғлиқ воқеаларга муносабат бермайди, уларнинг жасади ватанга қандай олиб келинишига ҳам тўхталмайди. Одамлар яқинлари вафот этса, уларнинг мурдасини Ўзбекистонга қандай қайтариш йўлларини ҳамон аниқ билмайди.

Қолаверса, ТИВ хорижий мамлакатларда, айниқса, Россияда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига нисбатан номақбул ҳаракатлар, қўпол муомалаларга ҳам миқ этмай келади.

Шунингдек, ўзбекистонликларнинг хорижий мамлакатларда жиноят содир этиши ва жазога тортилиши билан боғлиқ вазиятлар ҳам ТИВ назаридан четда қолади. Бунга яққол мисол БААда яҳудий раввиннинг ўлдирилишида 3 ўзбекистонликнинг айбланиши ва ўлим жазосига ҳукм қилинишидир. ТИВ вакиллари расмий сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бўлмаса-да, журналистларнинг сўровларига жавобан оғзаки равишда ушбу жиноятда ўзбекистонликлар айбланаётганини тасдиқлаган.

Одатда ТИВ воқеа ва ҳодисаларга аниқлик киритиб, батафсил маълумот берилади, қабилидаги баёнотлар билан чекланади. Бироқ аниқлик киритилмаган масалалар анчани ташкил қилади.

Бундай айбловларга нисбатан ТИВ матбуот котиби тугаётган ҳафтада ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали муносабат эълон қилиб, Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги Ўзбекистон фуқароларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар доимо ҳимоя қилиб келгани ва бу фаолияти устувор бўлиб қолишини айтди.

Унинг қайд этишича, мазкур йўналишда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари хорижий давлатларнинг тегишли идоралари билан бевосита алоқалар ўрнатган.

Истанбулда ўзбекистонлик аёл эрини пичоқлаб ўлдиришда айбланмоқда

Мавзуни давом эттирамиз. Турк матбуоти Истанбул шаҳрида 28 ёшли ўзбекистонлик аёл жанжал чоғида эрини пичоқ билан яралаб, ўлдирганини иддао қилмоқда. Аммо Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консуллигига кўра, эркакнинг ўлимида аёл айбдор бўлмаслиги мумкин.

Воқеа жорий йилнинг 6 апрель куни содир бўлганига қарамай, унинг иси тугаётган ҳафтада чиқди. Хабарларда ёзилишича, Ўзбекистон фуқароси ва турмуш қурганига 4 йил бўлган Эмре Эрим ўртасида молиявий сабабларга кўра жанжал келиб чиққан ва у муштумзўрликка айланиб кетган. Агар матбуот бераётган фаразларга ишонилса, эрининг калтаклашидан ғазабланган аёл ошхонадаги пичоқ билан унга тан жароҳати етказган. Оқибатда эркак вафот этган.

Марҳумнинг жасади экспертизага юборилган. Аёл эса қочишга уринганда қўлга тушган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Истанбул бош консуллигининг билдиришича, марҳум аёлни бўғаётган пайтда орқа томондан пичоқ билан жароҳатлангани ва бу уни бошқа шахс томонидан пичоқланган бўлиши эҳтимолини истисно этмайди.

Консулхонанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида қотилликда гумонланаётган аёлнинг холаси билан интервью эълон қилинди.

Консуллик гумонланувчининг холасига ишониб баён қилишича, вафот этган Туркия фуқароси спиртли ичимлик таъсирида бўлган ва ўзбекистонлик турмуш ўртоғига нисбатан мунтазам равишда жисмоний-руҳий босим ўтказиб келган. Воқеа содир бўлган вақтда хонада бошқа шахслар ҳам бўлган. Дастлабки терговга кўра, марҳум аёлни бўғаётган пайтда орқа томонидан пичоқ билан жароҳатланган.

Ҳозирда гумонланувчи аёлга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда ва унга адвокат бириктирилган. Ҳолат Бош консулхона томонидан назоратга олингани айтилган.

Россияда ўзбекистонлик аёл ўз ўғлини ўлдирганликда айбдор деб топилди

Тугаётган ҳафтада Россиянинг Қозон шаҳрида 40 ёшли ўзбекистонлик аёл бепарволик туфайли 17 ёшли ўғлини ўлдирганликда айбдор деб топилди.

Аёл қурол ишлатиб, қасддан баданга енгил шикаст етказиш ва бунинг эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга олиб келиши бўйича айбдор деб топилган. Суд уни 1 йил 4 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Бироқ унинг 2024 йил 28 июлдан бери тергов изоляторида ўтказган вақти ҳисобга олинган ҳолда, аёл қолган муддатни ўташдан озод қилинган. Эҳтиёт чораси бекор қилинган.

Мазкур воқеа ўтган йилнинг июль ойида содир бўлган. Тергов маълумотларига кўра, она ва ўғил ўртасида можаро келиб чиққан, можаро давомида аёл ўғлини икки марта пичоқлаган. Шифокорлар йигитнинг ҳаётини сақлаб қололмаган. У Ўзбекистонда дафн қилинган.

Судда марҳумнинг отаси сўз олган, синглиси эса хат ёзган. Иккаласи ҳам аёлни ўз ўғлини ўлдира олмайдиган меҳрибон ва ҳамдард аёл сифатида тасвирлаган. Марҳумнинг отаси унинг ўғли бир неча бор ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганини айтган.

52 та радар камерасига пневматик милтиқдан ўқ узилди

Бу хабарни эшитиб кулишни ҳам, афсус қилишни ҳам билмай қолдим, очиғи. Балки сиз ҳам мен тушган вазиятни бошдан кечиргандирсиз. Андижонда бир ҳамюртимиз 52 та радар камерасига пневматик милтиқдан ўқ узгани ва камераларни ишдан чиқаргани аниқланди.

Маълум қилинишича, 1976 йилда туғилган эркак Андижон шаҳри ҳудудидаги 29 та чорраҳага ўрнатилган 51 дона Hikvision русумли йўл ҳаракати қоидалари бузилганини аниқлайдиган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ва 1 дона Hikvision русумли радар комплексига пневматик милтиғидан ўқ узиш орқали қасддан шикаст етказган. Бу қилмиши билан у жами 1 миллиард 147 миллион сўм, тақрибан 88 300 АҚШ доллари моддий зарар етказгани айтилмоқда. 

Ҳолат бўйича эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Телебошловчи Ҳуснора Шодиева ЙПХ ходимларини онасидан ҳақорат қилганликда айбламоқда

Телебошловчи Ҳуснора Шодиева Тошкент шаҳрида йўл-патруль инспектори томонидан ҳақоратланганини иддао қилиб чиқди. У бу ҳақда ўзининг Instagram саҳифасида йиғлаб видеомурожаат қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳолат пойтахтнинг Нукус кўчасида содир бўлган. Бу ҳақида гапириб берар экан, Шодиева автомобилида йўлнинг белгиланган қисмида, тўхташ белгисига амал қилган ҳолда ҳаракатланиш ишорасини кутиб тургани, шу пайт ЙПХ ходими унга “аҳмоқ”, “ебанашка” дея бақирган ва онасидан ҳақорат қилганини айтган.

Шундан сўнг, Шодиева инспектордан нимага бундай гапираётгани ва нега сўкканини сўраш учун ортига қайтган. Бироқ инспектор у келгунича кетиб қолган. Унинг айтишича, ўша атрофда хизмат олиб бораётган пост-патруль хизмати ходимлари уни ҳақоратлаган ходимни яширишга уринган.

Шодиева сўзида давом этаркан, автомобилида видеокамера йўқлиги, ҳолатни ёзиб олиш имкони бўлмаганини билдирган. Воқеа баён қилинганидан бир неча кун ўтган бўлса ҳам Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати муносабат билдиргани йўқ. Вазирлик ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг муносабатсизлиги тугаётган ҳафта бошида кун тартибига чиққан Road24 иловаси билан боғлиқ ҳолатда ҳам кўзга ташланди.

Гап шундаки, Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар тўғрисида маълумот бериб келаётган Road24 иловаси ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўртасида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар тўғрисида маълумот алмашинуви батамом тўхтатилди.

ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдошев 14 апрелдан эътиборан жарималар ва бошқа хизматлар ҳақидаги маълумотларни Safe Road иловаси орқали билиш мумкинлигини билдирди.

Road24 иловаси маъмурияти эса ўз Telegram каналида ҳолатни шундай изоҳлади:

“Ҳа. ЙҲХ ва ИИВга келсак, давлат ташкилоти бўлиб ҳаммага тенг имкон бериш ўрнига дадаси кучли, шунга йўл берди. Эски замонлар қайтди”.

Кейинроқ илова маъмурияти постининг айнан шу қисмини ўчириб юборди.

Road24 иловаси ва ЙҲХХ томонидан тақдим этилаётган иловага тааллуқли жараён ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга, эътирозларга сабаб бўлмоқда. Жамоатчилик вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари, журналистлар, иқтисодчилар ЙҲХХнинг тайёр илова билан ҳамкорликни буткул тўхтатиб, тендерсиз, рақобатни қўллаб-қувватламай бошқа илова билан иш бошлаганини танқид қилмоқда. Бироқ бу танқидларнинг ҳеч бирига муносабат билдирилгани йўқ.

Швейцария банкида Лола Тилляевага алоқадор шубҳали пуллар аниқланди

“Ёш авлодимизни турли маънавий тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳақида гапирганда, нафақат халқимизни улуғлайдиган буюк хусусиятлар, айни пайтда унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатган, эски замонлардан қолиб келаётган номаъқул одатлар ҳақида ҳам очиқ сўз юритишимиз зарур. Биринчи навбатда худбинлик ва лоқайдлик, қариндош-уруғчилик ва маҳаллийчилик, коррупция ва манфаатпарастлик, бошқаларни менсимаслик каби иллатлардан жамиятимизни бутунлай халос этиш тўғрисида ўйлашимиз лозим”.

Бу Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2008 йил нашрдан чиққан “Юксак маънавият – енгилмас куч” асаридан иқтибос.

Уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳақида хабар бериш лойиҳаси ва “Le Monde” газетаси Швейцариянинг Reyl Intesa Sanpaolo банки ҳамда Швейцария Молиявий бозорларни назорат қилиш органи ўртасидаги махфий ёзишмаларни қўлга киритди. Уларда регулятор банкда “пул ювиш соҳасидаги заифликлар” мавжудлигини ва юқори хавфли ҳисобларни юритишда камчиликлар бўлганини тергов қилгани кўрсатилади. Мазкур ёзишмаларнинг Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляевга ҳам алоқадор экани аниқланган.

Мақолада ёзилишича, Молиявий бозорларни назорат қилиш органи томонидан юборилган бир нечта батафсил мактублар ва уларга Reyl банкининг жавоблари 2023 йил ёзида ўтказилган текширув давомида “пул ювиш хавфига жуда юқори даражадаги тайёрлик” ва “зарур эҳтиёт чораларига лоқайдлик” аниқланганини фош қилади.

2012 йилда Молиявий бозорларни назорат қилиш органи Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляев мижоз бўлган “Fidurhô” номли бойликларни бошқариш фирмаси билан муносабатлар “алоҳида даражада юқори” хавф туғдиришидан огоҳлантирган. Орадан икки йил ўтиб уларнинг компания ҳисоблари 190 миллион Швейцария франкигача ошгани аниқлангач, Молиявий бозорларни назорат қилиш органи “Fidurhô”дан улар билан алоқани узишни талаб қилган. Бу ҳақда кейинчалик Швейцария Молия департаменти эълон қилган қарорда баён этилган.   

Фирмадан алоқани узиш сўралганда, “Fidurhô” рад жавоби берган. Шундан сўнг Молиявий бозорларни назорат қилиш органи компания лицензиясини тортиб олиш билан таҳдид қилган. Кейинчалик, “Fidurhô” асосчиларидан бири Тилляаев билан боғлиқ шубҳали ҳисоб ҳаракатларини билдирмагани учун жаримага тортилган.

Уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳақида хабар бериш лойиҳасини қўлга киритган ёзишмаларга кўра, 2020 йилда Тилляаевнинг Liobel Limited Inc. компанияси Reyl банкида ҳисоб очган. Уч йил ўтиб эса Тилляаевнинг ўзи ҳам банкда шахсий ҳисобини очган. 2023 йил декабрь ҳолатига кўра, ҳисоблардан бирида 83 миллион франк (97 миллион АҚШ доллари) сақланган.   

2024 йил январь ойида регуляторлар Reyl’дан Тилляаевга тегишли ҳисоблар бўйича ҳужжатларни, шунингдек, Ўзбекистон билан боғлиқ бўлган барча мижозлар ҳақида маълумотларни тақдим этишни буюрган. Банк эса Молиявий бозорларни назорат қилиш органига Тилляаев ҳисобларини қайта кўриб чиқаётганини билдирган, бунга сабаб сифатида Лола Каримова-Тилляеванинг опаси Гулнора Каримова ҳақида чиққан салбий хабарлар фонидаги “потенциал юқори обрў” келтирилган.

Маълумот учун, Лола Каримова-Тилляева отасининг вафотидан сўнг, турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. У масофадан туриб, “Сен ёлғиз эмассан” фонди ҳамда Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини бошқариб келади. У АҚШда “The Harmonist” атторлик буюмлари брендига асос солган. Унинг қизи Марям Тилляева эса айни вақтда Тошкентда буви Татьяна Каримова билан истиқомат қилади ва блогерлик фаолияти билан шуғулланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг