АҚШдан ҳайдалаётган, Россияда дўппосланаётган, Украинада қамалаётган ўзбеклар, сувсиз қолаётган Ўзбекистон – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Ўзбекистон яна бир бор тўйларни жиловлашга бел боғлаётган бир пайтда мамлакатда шу йилнинг ўтган уч ойида 9 минг 63 та оила ажрашган. Ажримлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 824 тага кўп. Ажрим бўйича мурожаат қилган 6 минг 10 та оиланинг талаби қаноатлантирилмаган. 1481 битта иш эса кўриб чиқилмаган. Умуман олганда, Ўзбекистонда ажримлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Ўтган йилнинг ўзида 32 217 та оиланинг қонуний никоҳи бекор қилинган. Хўш, ажримларнинг асосий сабаби нима? Доимий важ қилинадиган тўқликка шўхлик, тоқатсизликми ё булар орасида ижтимоий муаммолар ҳам борми? Фикрларингизни албатта изоҳларда ёзиб қолдиринг. Биз эса Ҳафта воқеалари таҳлилининг навбатдаги сонини бошладик. 

АҚШда ноқонуний бўлиб турган ўзбекистонликлар Тошкентга қайтарилди

АҚШ энди орзулар мамлакати эмас. У саробга айланаётган орзулар мамлакатининг номини олмоқда кўпчилик учун. Айнан кимлар учун дейсизми? АҚШда ноқонуний бўлиб турган ўзбекистонликлар учун. 30 апрель куни АҚШ ҳудудида қонуний асосларсиз яшаб, ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари чартер рейс орқали Тошкентга қайтарилди.

Расмий Тошкентнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси миграция сиёсати ва фуқароларни репатриация қилиш соҳасида Қўшма Штатлар билан ҳамкорликни фаол равишда кучайтирмоқда. Эришилган икки томонлама келишувлар доирасида депорт қилинган ўзбекистонликлар учун Нью-Йорк–Тошкент йўналиши бўйича махсус чартер рейс амалга оширилди.

Ҳаракатлар икки давлатнинг консуллик ва миграция хизматлари билан яқин ҳамкорликда олиб борилмоқда. Барча чоралар репатриация қилинаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини максимал даражада ҳурмат қилиб, Ўзбекистон ва АҚШнинг амалдаги қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда кўрилмоқда.

“Мазкур қадам Ўзбекистоннинг миграция оқимларини тартибга солиш, хориждаги фуқароларининг ҳуқуқий ҳимоясини, ижтимоий ва ҳуқуқий мослашувини таъминлаш ҳамда уларнинг хавфсиз ва инсоний шароитларда ватанига қайтишини йўлга қўйишга қаратилган кенг қамровли сиёсатининг бир қисмидир. Ўзбекистон ўз миграция сиёсатини ривожлантиришда давом этади ва фуқароларини ҳар қандай вазиятда қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга интилади”, дейди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов.

АҚШ Ички хавфсизлик департаменти мамлакатда ноқонуний бўлиб турган ўзбекистонликларнинг ортга қайтарилишини тарихий деб атаб, Тошкентга миннатдорлик билдирди. Қайд этилишича, ушбу амалиётда нафақат ўзбекистонликлар, балки Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам Тошкентга олиб келинган. Ўзбекистон фуқароларининг қайтарилиши бўйича харажатлар эса тўлиқ Тошкент томонидан қопланган. Бу АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйга келганидан бери хорижий давлат томонидан молиялаштирилган илк депортация рейси бўлган.

“Биз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ўз фуқароларини ортга қайтариш учун самолёт юборганига юқори баҳо берамиз. Келгусида ҳам хавфсизликни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида ҳамкорлигимизни давом эттиришга тайёрмиз”, дейди АҚШ Ички хавфсизлик департаменти раҳбари Кристи Ноэм.

Қайд этилишича, бу чоралар Дональд Трамп маъмуриятининг кучли дипломатик сиёсати ва иммиграция тизимини тиклаш йўлидаги стратегиясини намоён этади. Ноқонуний муҳожирлар ўз ватанларига қайтарилиши керак.

Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга етиб келгач, дарҳол ўз мамлакатларига жўнаб кетган.  

Ўзбекистонликлар Green card лотореяси ютиш орқали АҚШда яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш бўйича дунёда етакчи учликка киради. Ҳар йили 5000 дан зиёд ўзбекистонлик ушбу ҳуқуқни қўлга киритади. Бошқа томондан Ўзбекистон АҚШга ноқонуний кириб борувчилар, айниқса, Мексика орқали яширин ва хавфли йўллар билан миграцияни амалга оширувчилар борасида ҳам пешқадам.

Трамп маъмурияти эса сайловолди режаларда ваъда қилинганидек, жорий йилнинг биринчи ярмида 1 миллионгача муҳожирни депортация қилмоқчи. Жорий йилнинг март ойи охиригача 100 мингдан ортиқ муҳожир чиқариб юборилган. Бир йил ичида 400 мингдан ортиқ депортация бўйича аввалги рекорд 2009 йилнинг январидан 2017 йилнинг январигача – 44-президент Барак Обама даврида ўрнатилган эди.

Депортация масаласида АҚШ аллақачон ўзбекистонликларни ҳам огоҳлантиришга улгурган. Апрель ойида бошида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник мурожаат билан чиқиб, АҚШда ноқонуний бўлиб турган минглаб ўзбекистонликларни ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтишга чақирган эди, акс ҳолда улар АҚШда қамоққа олиниши ёки депортация қилиниши мумкин.

Хеникнинг бот-бот ОАВга баён қилишича, айни вақтда АҚШ ва Ўзбекистон муносабатлари мисли кўринмаган тарихий даражага етган. Президент Шавкат Мирзиёев Трампга йўллаган мактубларида уни Ўзбекистонга таклиф қилди.

Апрель ойининг биринчи декадасида Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШга бориб, Трамп маъмурияти аъзолари билан қатор учрашувлар ўтказди, хусусан, Комилов Вашингтонда АҚШ Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау билан учрашди.

Давлат котиби ўринбосари Ўзбекистоннинг фуқаролик атом энергетикаси, муҳим фойдали қазилмалар ва иқтисодиётнинг бошқа бизнес соҳаларига инвестициялар киритиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган ҳамда ноқонуний иммиграция ва терроризмга қарши курашиш бўйича доимий ҳамкорлик учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирган.

Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов эса Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц билан кўришди.

Делегация таркибида АҚШга борган Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов эса йирик компаниялар, корпорациялар ва саноат бирлашмалари раҳбарлари билан учрашиб, фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзолаган.

Тугаётган ҳафтада эса Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева биринчи марта АҚШ мустақиллиги куни муносабати билан АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида ўтказилган қабул маросимида иштирок этди.

Тугаётган ҳафтада эса Оқ уйдаги ҳукумат йиғилишида АҚШ Меҳнат вазири Лори Чавес-ДеРемер Қўшма Штатлар ташқи ёрдам дастурларини бекор қилиш орқали 250 млн доллар тежалганини айтди. Улар орасида Ўзбекистон пахта саноатини шаффофлаштириш учун ажратилган пуллар ҳам бор. АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Илон Маск эса буни эшитиб, кулиб юборди. Ушбу жараённи Оқ уй жонли эфирга узатди.

Вазирга кўра, Ўзбекистоннинг пахта саноатидаги шаффофлик ва ҳисобдорликни молиялаштириш мантиққа тўғри келмайди. Баёнотни эшитган Маск эса кулиб юборди ва АҚШ маблағларидан Ўзбекистон пахтачиларига пул ажратилишини ҳажвий кўрсатувга қиёслади.

АҚШ божлари Ўзбекистонга ҳам тегишли бўлиб чиқди

АҚШдан узоқлашмаймиз. Мамлакат Сенати тугаётган ҳафтада Россиядан нефть, газ, уран ва бошқа табиий ресурсларни сотиб олаётган давлатлар учун 500 фоизлик импорт божлари жорий этилишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Россия билан муносабатларга кўра, ушбу божлар Ўзбекистонга ҳам тегишли бўлади.

Қайд этилишича, қонун лойиҳаси Сенат томонидан қабул қилинган, энди у Вакиллар палатаси томонидан тасдиқланиши ва Президент томонидан имзоланиши керак.

Сенатор Линдси Грэмнинг айтишича, 72 сенатор Россияга қарши янги санкцияларни ўз ичига олган ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаган. Агар Россия Украина билан тинчлик музокараларини бошлашга рози бўлмаса, божлар кучга киради.

Жорий йилнинг 2 апрель куни Трамп 185 давлатга нисбатан божлар жорий этилишини маълум қилганди. Тарифлар 10 фоиздан 50 фоизгача бўлган. АҚШ бож жорий қилган давлатлар рўйхатига Ўзбекистон ҳам киритилган. Бироқ Хитойнинг қарши чоралари натижасида АҚШ Хитой учун божларни 145 фоизга кўтарди. Хитойда эса АҚШ молларига бож 125 фоиз бўлиши айтилди. Тугаётган ҳафтада эса Трамп Хитой молларига белгиланган 145 фоиз бож камайтирилишини айтди.

Кейинчалик АҚШ оммавий ахборот воситалари Трамп 70 та давлат билан АҚШ ҳамкорларини Хитойга босим ўтказишга ва у билан савдо алоқаларини узишга мажбур қилиш учун тарифлар бўйича музокаралар олиб боришни режалаштираётгани ҳақида ёзди.

Маълумки, Ўзбекистон Россиядан Қозоғистондаги  қувур орқали газ сотиб олади ва апрель ойида Ўзбекистонга келган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, Россиядан газ етказиб бериш яна икки бараварга кўпайтирилиши кутилмоқда.

Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Аккенженовга кўра, 2024 йилда Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини 3 баробарга оширган, 2025 йилда эса 30 фоизга ошиши кутилмоқда.

Россия газининг истеъмолчиси фақат Ўзбекистон эмас. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон, ҳатто, Хитой ҳам рўйхат аввалида келади. Москвага қарши 17-санкциялар пакетини тайёрлаётган Европа ҳам Россиядан газ олади.

2025 йил 1 январда Россия газининг Украина орқали транзити тўхтатилганидан сўнг, “Турк оқими” “Газпром”нинг Европага газ етказиб беришдаги ягона йўналишига айланди. “Турк оқими” Россиядан Туркияга Қора денгиз орқали газ экспорт қилинадиган қувур бўлиб, унинг линиясининг биринчиси Туркия истеъмолчиларини газ билан таъминлаш учун мўлжалланган бўлса, иккинчиси Жанубий ва Жануби-Шарқий Европа мамлакатларига газ етказиб беради. Гап Сербия, Руминия, Греция, Шимолий Македония, Босния ва Герцеговина, Венгрия ҳақида бормоқда.

“Турк оқими” орқали газ етказиб бериш ўтган йили 22,3 фоизга ошиб, 16,7 миллиард куб метрга, Украина орқали эса 5,1 фоизга ошиб, 16,1 миллиард кубометрга етган.

Россия 2024 йилда рекорд даражадаги 33,6 миллион тонна суюлтирилган газ экспорт қилган ва бу экспортни 2023 йилга нисбатан 4 фоизга оширган.

Ўзбекистон “Толибон” билан Амударё сув ҳавзаси бўйича битим тузди

Ўзбекистон “Толибон” муваққат ҳукумати бошқарувидаги Афғонистон билан Амударё сув ҳавзасини биргаликда бошқариш ҳамда сувдан адолатли ва оқилона фойдаланиш бўйича муҳим битим имзолади. Битим 30 апрель куни Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузухуровнинг Афғонистонга амалга оширган сафари давомида “Толибон” муваққат ҳукуматининг қишлоқ хўжалиги ҳамда сув ва энергетика вазирлиги билан имзоланган.

Балх вилояти ҳокими Ҳожи Муҳаммад Юсуф Вафо билан бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама савдо, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт-импорт тартибларини соддалаштириш, ўсимликлар карантини, сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва уларни биргаликда бошқариш масалалари муҳокама қилинган.

Маълум қилинишича, Амударё сув ҳавзасини биргаликда бошқариш ҳамда сувдан адолатли ва оқилона фойдаланиш бўйича қабул қилинган ҳужжат нафақат икки томонлама ҳамкорликни, балки Марказий Осиёдаги экологик барқарорлик ва трансчегаравий сув ресурслари бўйича келажакдаги ўзаро масъулиятли ёндашувларни белгилаб беради.

“Мазкур ташриф Афғонистон билан яхши қўшничилик, иқтисодий интеграция ва сув дипломатияси йўналишидаги янги даврни бошлаб берди. Айни вақтда, бу Ўзбекистоннинг минтақавий тинчлик, барқарор тараққиёт ва экологик хавфсизлик йўлидаги қатъий сиёсатини амалда намоён этувчи навбатдаги муҳим қадамидир”, дейилади Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги баёнотида. 

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Туркманистон билан ҳам Амударё оқими йўқотишларининг олдини олиш ва ундан оқилона фойдаланишга қаратилган зарур гидротехник тадбирларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олганди.

Айни вақтда “Толибон”нинг Қўштепа каналини қуриши жадал давом этмоқда. Афғонистонда Қўштепа каналининг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сув режими ва мувозанатини тубдан ўзгартириши мумкин.

Каналнинг узунлиги 280 километр, эни 100 метр бўлиб, у Балх вилоятининг Қалдар туманидан бошланиб, Жаузжон вилоятидан ўтиб, Андхой Фарёб туманига етиб боради.

Амударё минтақадаги барча мавжуд сув ресурсларининг 80 фоизини ташкил қилади. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, беш-олти йил ичида канал қуриб битказилганидан сўнг, дарё бўйлаб Туркманистон ва Ўзбекистонга оқиб тушадиган сувнинг ўртача ҳажми унинг умумий қувватининг 50 фоизигача қисқаради. Бу Ўзбекистонда асосий экин бўлган пахта майдонларини суғориш учун муҳим сув ресурслари етишмаслигини англатади.

Экспертлар томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб 7 млрд куб метр сув танқислиги юзага келади. Бу эса мамлакатнинг 33 та сув танқис ҳудудлар қаторига тушиб қолишига сабаб бўлади.

Афғонистон Миллий тараққиёт корпорацияси вакилларининг сўзларига кўра, мамлакат шимолидаги Қўштепа сув канали қурилишининг иккинчи босқичи аллақачон 81 фоизга, тўғон қурилиши эса 67 фоизга бажарилган. Ишларнинг иккинчи босқичи 2024 йилда бошланган ва 2025 йилнинг мартида якунланиши режалаштирилган эди. Қизиғи шундаки, канални қуриш учун 700 миллион долларлик маблағ Трамп маъмурияти томонидан музлатиб қўйилган АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигидан (USAID) келган. Ҳозир эса молиялаштиришнинг тўхтатилиши лойиҳанинг кейинги амалга оширилишига таъсир қилиши мумкин.

Қолаверса, Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи ҳам Амударёга соя солмоқда. Вахш дарёси сувининг қурилиш, сув омборини тўлдириш (бу жараён камида 15 йил давом этади) ва ГЭСни эксплуатация қилиш даврида камайиши ҳамда мавсумий қайта тақсимланиши, дарёнинг қуйи оқимларида – хусусан Вахш ва Амударёнинг қуйи ҳудудларида сув танқислигини келтириб чиқаради.

Жаҳон банкининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, фақат Роғун сув омборини тўлдириш босқичида Амударёнинг Орол денгизига оқими йилига 0,8-1,2 куб километрга камаяди, бу эса ҳозирги оқимнинг камида 25 фоизини ташкил этади. Бундай улкан ҳажмдаги сувнинг йўқотилиши табиий ва антропоген экотизимларнинг шундоқ ҳам заиф ҳолатини янада оғирлаштиради, ерларнинг янада таназзулга учрашига, тупроқнинг шўрланишига ва чўлланишга олиб келади.

Лойиҳада Роғун ГЭСнинг Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали каби бошқа йирик сув хўжалиги лойиҳалари билан биргаликда синергетик таъсири деярли ҳисобга олинмаган. Мутахассисларнинг ҳеч бири бу икки гигант лойиҳа ишга тушгач, Амударё ва унга боғлиқ экотизимлар ҳамда аҳоли қанча зарар кўриши ҳақида асосли прогноз бергани йўқ. Амударёга бундай икки томонлама зарба, айниқса, прогноз қилинаётган иқлим ўзгариши ва минтақада сув ресурсларининг камайиши шароитида бутун ҳавза учун улкан ноаниқлик ва хавф туғдиради. Жаҳон банкининг Ўзбекистон учун прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб Амударё ҳавзасида сув таъминоти 15-30 фоизга камайиши кутилмоқда, бу эса фақат деҳқончиликда 250 минггача иш ўринларини йўқотишга олиб келади ва иқлимга мослашиш учун миллиардлаб сармояларни талаб қилади.

Бухорода икки талаба ўз жонига қасд қилди

Бухоро давлат техника университетида бир ҳафтада икки талаба ўз жонига қасд қилди. Биринчи ҳолат 27 апрель куни содир бўлган. Университетнинг янги қурилган ётоқхонаси 1-қаватида яшаб турган 1-курс талабаси ўзини осиб, жонига қасд қилган.

Марҳум 2005 йилда туғилган ва Навоий вилоятдан бўлган. Ҳолат тонгги соат 07:23 да содир бўлган. Ўлимидан олдин талаба хат қолдирган. Хатда марҳум ўлими учун ҳеч кимни айбламаслигини ёзган ва ўз ота-онасидан кечирим сўраган.

Айни вақтда прокуратура текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.

Орадан бир кун ўтиб, 28 апрель куни худди шу университетнинг 2-босқичида таҳсил олувчи 2005 йилда туғилган яна бир талабаси ўз жонига қасд қилди. У Бухоро давлат техника университети қошидаги академик лицейида жойлашган спорт залининг том қисмига чиқиб, бўйин соҳасидан ўзини осиб, вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Марҳумнинг Instagram’даги саҳифасига 27-28 апрель кунлари 3 маротаба ўз жонига қасд қилиш мазмунидаги лавҳаларни жойлагани аниқланган.

Шунингдек, тугаётган ҳафтада маълум қилинишича, Тошкентда талаба-ёшлар ўртасида жиноятчилик ортган. 2025 йилнинг биринчи чорагида пойтахтдаги талабалар томонидан 460 та жиноят содир этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 40 фоизга (39,8) юқори.

Талабалари энг кўп жиноят содир этиши бўйича рўйхатдан эса Тошкент давлат транспорт университети, Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат юридик университети, хусусий олий таълим муассасаларидан эса Замонавий молиявий технологиялар институти, Alfraganus университети ва Кимё халқаро университети ўрин олган.

Тошкент шаҳар прокуратурасига кўра, ўтган давр ичида талабалар томонидан йўл транспорт ҳодисаси, ўғирлик, гиёҳвандлик, тан жароҳати етказиш, безорилик, босқинчилик, қотиллик, талончилик ва ҳатто номусга тегиш каби жиноятлар содир этилган. Масалан, уч ой ичида 5 та ҳолатда талабалар қотиллик содир этган, 2 та ҳолатда номусга тегиш жинояти аниқланган.

Ўзбекистонда электрон сигареталар бутунлай тақиқланади

Олий Мажлиси Сенатида тугаётган ҳафтада ўтган олтинчи ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди ва сенаторлар мамлакатда электрон сигареталар бутунлай тақиқланишини маъқуллади.

Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотларини, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталарни ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, олиб кириш ва олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қонун содир этган ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида ўз ихтиёри билан ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган шахсларни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутади.

Сенат ахборотномасида тушунтирилишича, қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга, миллат генофондини сақлашга ҳамда атроф муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилади. Бироқ ахборотда Ўзбекистонда электрон сигаретларнинг савдоси ва унинг бошқа зарарлари ҳақида аниқ статистик маълумотлар тақдим этилмаган.

Айтиш ўринлики, худди шунга ўхшаш қонун ўтган йилнинг апрель ва ноябрь ойларида Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам қабул қилинган эди.

1110 нафар Ўзбекистон фуқароси Украинага қарши урушда қатнашган бўлиши мумкин

Тугаётган ҳафтада Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 1110 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифини эълон қилди.

Маълум қилинишича, рўйхат тўлиқ эмас, этник ўзбеклар ҳисобга олинса, Россия томонидан урушга жалб қилинган Ўзбекистон фуқароларининг умумий сони бир неча мингни ташкил қилиши мумкин.

Рўйхатда камида 109 кишининг ўлгани айтилган. Уларнинг энг кичиги 21 ёшга тўлмаган, энг ёши каттаси 62 ёшда бўлган. Ёлланма аскарлардан бири шартнома имзолангандан кейин 8-куни вафот этган.

Шунингдек, “Хочу жить” лойиҳаси Россия Қуролли Кучлари сафига ўзбекистонликларни ёллаш тарихи Тожикистонникига жуда ўхшаш эканини қўшимча қилган. Қайд этилишича, Ўзбекистондан Россияга бораётган муҳожирлар оқими сусайиш аломатларини кўрсатмаяпти ва Россия ҳукумати улардан “ўлжаси” сифатида фойдаланмоқда. Россия расмийлари Марказий Осиёдан борган одамларни рейдлар ва депортация таҳдидлари орқали уларни урушга мажбурламоқда.

“Ўзбекистонликларни Россия армияси сафига жалб қилиш масаласида Кремлнинг расмий Тошкентга таъсири яққол кўзга ташланишига қарамай, биз Ўзбекистон Республикаси ҳукуматини жиноий амалиётларга берилишни бас қилишга чақирамиз ва уларга чек қўйишда ёрдамга умид қиламиз”, дейилади “Хочу жить” лойиҳаси хабарида.

Ушбу маълумот эълон қилинганидан кўп ўтмай, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ваколатли органлари бу маълумотни текширишни бошлаганини билдирди.

Тугаётган ҳафтада эса Украина пойтахти Киевда 2018 йил февралдан 2024 йил январгача 11 кишини ўлдирган ва яна бир кишини ўлдиришга уриниб, аммо режасини амалга ошира олмаган Ўзбекистон фуқароси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ўтган давр мобайнида ўзбекистонлик 3 аёл ва 8 эркакни ўлдирган. Жабрланувчиларнинг аксарияти уйсизлар бўлиб, у улар билан танишиб, биргаликда алкоголь истеъмол қилгандан сўнг уларни йўқ қилган.

2024 йил январда эркак Киевнинг Голосиеев туманидаги гул дўконига харидор сифатида кириб, сотувчи аёлга пичоқ билан 30 мартадан ортиқ зарба бериб ўлдирган ва унинг тилла тақинчоқларини олиб қочган. Айбланувчи ушбу жиноятда ўз айбини тан олган ва шундан сўнг аввалги шунга ўхшаш жиноятларини ҳам батафсил баён қилган.

У ҳар бир жабрланувчини яхши эслаб қолган ва бу маълумотлар орқали жазони енгиллаштиришга умид қилган. Аммо суд унинг қилмишини ҳисобга олган ҳолда жиноятларини тўлиқ исботловчи далиллар асосида айбдор деб топган ва Украина қонунчилигида кўзда тутилган энг оғир жазо – умрбод озодликдан маҳрум этиш ҳукмини чиқарган.

Ўзбекистонлик мигрантлар мамлакат хавфсизлик кучлари томонидан аёвсиз калтакланди

Россиянинг Москва шаҳридаги кафелардан бирида Марказий Осиёлик, хусусан ўзбекистонлик мигрантлар мамлакат хавфсизлик кучлари томонидан аёвсиз калтакланди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари сўнгги бир ой ичида бу ерга уч марта ҳужум қилган. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган кадрларга кўра, хавфсизлик кучлари бинога бостириб кириб, хўрандаларни ерга юзтубан ётишга мажбурлаган ва қўпол тарзда куч ишлатган.

“Кабоб сотувчини қаттиқ калтаклашди. Унинг қовурғалари ва бўйнига уришди. У қўллари билан бошини ёпиб олди. Официантнинг қовурғалари шикастланган, энди у ишга ҳам чиқмаяпти. У шифокорга боришга мажбур бўлди. Ҳатто мижозларни ҳам калтаклашди. Кейин полиция бўлимига олиб кетишди. Ўтган йилнинг июнь ойидан бери ҳар ойда 2-3 марта мунтазам равишда келишади. Июндаги рейдда электрошокер ишлатишди. Мени ҳам дўппослашганидан кейин бир неча кун юролмай қолдим. Баъзан куч ишлатишмайди, баъзан эса уриб, ҳамма нарсани синдириб кетишади. Шу йилнинг январь ойида компьютерни синдириб, кассадан пуллларни олиб кетишди”, дейди кафе ходими.

Маълум қилинишича, хавфсизлик кучлари бинода ўрнатилган кузатув камераларини кўргач, уларни ҳам синдириб ташлаган. Ходимларнинг айтишича, текширув вақтида полиция ҳеч қандай қоидабузарликларни аниқламаган.

Ҳозирга қадар ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон томони муносабат билдиргани йўқ.

Бу Марказий Осиёлик мигрантларга нисбатан куч ишлатиш бўйича апрель ойида кузатилаётган ягона ҳолат эмас. 10 апрель куни Москвадаги ҳаммомда Россия куч ишлатар тузилмалари қирғизистонлик мигрантларга қарши рейд ўтказиб, мигрантлар ярим яланғоч ҳолатда эмаклаб юришга мажбурланганди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳаммом мажмуасини режали текшириш ҳеч бир мамлакат фуқароларига қаратилмаганини билдирганди. Кўп ўтмай Бишкек Москвага ушбу ҳолат бўйича нота юборди.

Ўзбекистонлик дўппосланган шу ҳафтада Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов Россияга бориб, меҳнат миграцияси ва мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон-Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилишида иштирок этди. Россия делегациясидан эса Россия Бош прокурорининг ўринбосари Пётр Городов раҳбарлигида Бош прокуратура, Федерал хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар, Ички ишлар вазирликлари ва бошқа идораларнинг вакиллари қатнашган.

Учрашувда икки давлат Бош прокуратуралари Ўзбекистон фуқароларининг Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида келиши ҳамда Россия фуқароларининг Ўзбекистонга келишлари жараёнида уларнинг ҳуқуқларга риоя этилиши устидан назорат ва кузатувни кучайтириш мажбуриятини олгани айтилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг