Ҳафта давомида ҳаво кам булутли ва қуруқ бўлади
Бу қизиқ
−
08 Май 2023
3634Жорий ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво асосан кам булутли ва қуруқ бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва ҳафта ўртасига келиб кечалари 13-18 даража илиқ, кундуз кунлари 30-35 даража иссиқни ташкил этади. Жанубда ва чўл ҳудудларда 36-38 даража иссиқ бўлади. Бу май ойининг ушбу даври учун ўртача кўп йиллик қийматлардан 5-7 даражага юқоридир. Бу ҳақда Республика Гидрометеорология маркази Матбуот хизмати хабар берди.
12 майда республика ҳудудига Туркманистон ҳудудларидан нисбатан нам ҳаво кириб келади. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати 2-3 даражага пасаяди ва 27-32 даражани ташкил этади.
8-9 май кунлари шимолда, 11-12 май кунлари эса республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 8 ва 11-12 майда момақалдироқ билан маҳаллий ёмғирлар ёғиши мумкин.
Пойтахт Тошкентда 8-11 майда ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати 8 майда 25-27 даражагача, 10-11 май кунлари 32-34 даражагача аста-секин кўтарилади.
12 майда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳарорат нисбатан пасаяди.
LiveБарчаси