Ҳоким ўринбосарлари пора билан ушланди
3-саҳифа
−
02 Июль
13182Андижон, Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ҳоким ўринбосарлари пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳокимининг қурилиш, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари ўзининг мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, ҳокимлик балансида бўлган ва режавий бузилишга тушган уйни маҳаллий фуқарога бузиш ишларини олиб бориш ҳамда бузиш давомида чиққан материаллардан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш (сотиш) ваколатини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига 35 миллион сўм талаб қилган. Сўралган пул маблағидан 32 миллион сўмни ўзининг хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Андижон вилояти Бўстон тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўзининг номида бўлган ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик тасарруфидаги 10 гектар ер майдонини экспортбоп маҳсулотлар етиштирилувчи ер тоифасига ўзгартириб, шунингдек, бу ҳақида туман ҳокимининг экин майдонларини жойлаштириш тўғрисидаги қарорини чиқартириб, уни каврак ўсимлиги етиштирмоқчи бўлган тадбиркорга 3 йилга фойдаланишга бериш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Учинчи бир ҳолатда эса, Тошкент вилоятида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Бўка тумани бўлими бошлиғи 2022 йилда қурилган кўп қаватли уй учун “Қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисида давлат қабул қилиш далолатномаси”ни тасдиқлатиб бериш эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилган. Унинг топшириғига кўра, талаб қилинган пул маблағини олган вақтида туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходими ашёвий далиллар билан ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, Бўка тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи 1200 АҚШ долларини Бўка тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникация, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлгач, тезкор тадбир давом эттирилган ҳамда мансабдор шахс пул маблағини ўзининг хизмат автомашинасида олган вақтида қўлга олинган.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь