Ҳиндистон Трюдо айбловлари ортидан канадалик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборди
Олам
−
20 Сентябрь 2023
3184Ҳиндистон ҳукумати канадалик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборди. Бу ҳақда ANI агентлиги мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар берди.
“Дипломатдан кейинги беш кун ичида Ҳиндистонни тарк этиши сўралган. Бу қарор Ҳиндистон ҳукуматининг канадалик дипломатларнинг бизнинг ички ишларимизга аралашуви ва уларнинг Ҳиндистонга қарши фаолият юритишидан хавотирдалигимизни акс эттиради”, дейилади ТИВ хабарида.
Кеча, 19 сентябрь куни Канада Бош вазири Жастин Трюдо парламентда нутқ сўзлаганидан сўнг, Канада ҳинд дипломатини мамлакатдан ҳайдаган эди. Унинг сўзларига кўра, Канада разведка идоралари Британия Колумбиясида сикх сепаратистлари етакчиси Ҳардип Сингх Нижжарнинг ўлдирилишига Ҳиндистон ҳукуматининг алоқадорлигини текширяпти.
Трюдога кўра, чет эл ҳукумати томонидан мамлакат фуқаросининг ўлдирилишига алоқаси борлиги Канада суверенитетининг бузилишига баробар. Ҳиндистон эса Канаданинг ушбу айбловларини "бемаъни ва асоссиз" деб атаган.
Канада Ташқи ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, Ҳиндистон ташқи разведка бошқармасининг Канададаги тадқиқот ва таҳлил департаменти раҳбари Паван Кумар Рай ҳам мамлакатдан чиқариб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Канада Бош вазири Жастин Трюдо Ҳиндистон разведка хизматлари Канада сикхлари жамияти етакчиси Ҳардип Сингҳ Нижжарнинг шов-шувли ўлдирилишида иштирок этганини айтганди.
Маълумот учун, сикхлар нисбатан кичик диний гуруҳ бўлиб, уларнинг дунё бўйлаб тахминан 25 миллион тарафдори бор. Уларнинг аксарияти Ҳиндистонда яшайди. Жорий йилнинг июнь ойида отиб ўлдирилган Ҳардип Сингҳ Нижжар эса сикхларнинг Канададаги етакчиларидан бири эди. Нижжар “Халистон” деб аталувчи мустақиллик ҳаракатини ва Ҳиндистонда алоҳида сикх давлати ташкил этилишини очиқ қўллаб-қувватлаган.
LiveБарчаси