Шаҳноза Мирзиёева болаларга зўравонлик бўйича жимжитликни бузмоқчи
Жамият
−
11 Октябрь 2023
14000Самарқандда аёл Россиядаги эрига жаҳл қилиб қизларини калтаклади. Тошкент вилоятида эркак хотинидан ўч олиш учун ёш болаларни шафқатсизларча урди. Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида яшовчи аёл Қозоғистонда ишлаётган эрига жаҳл қилиб, болаларини мунтазам калтаклаб келган. Хоразм вилояти Шовот туманида ҳам она икки фарзандини уриб, видеога олиб, уни Қозоғистондаги эрига жўнатган.
Бундан ташқари, бошқа бир ҳудудда боғча тарбиячиси болаларни калтаклаган, Фарғонада эса 13 ёшли болакай қўшниси томонидан дўппосланган. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Айтай десанг, болалар билан боғлиқ бундай шавқатсиз воқеалар кўп, болалар йиғисининг адоғи йўқ.
Энди эса Ўзбекистон ўз болаларини зўравонликдан ҳимоя қилишга қаттиқ киришмоқчи. Хўш, кимдан? Она-оналаридан, қўшнисидан, тарбиячиларидан, хуллас, кимки зулм қилган бўлса барчасидан – жамиятдан! Бу ҳақда кеча, 10 октябрь куни UNICEF, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган миллий давра суҳбатида гапирилди.
“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилинган мазкур миллий давра суҳбатида нутқ сўзлаган Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёеванинг айтишича, 2023 йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистонда 1240 та вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари қайд этилган, уларнинг 417 таси жинсий зўравонлик қурбони бўлган. У масъулларни қонунни қабул қилиш учун миллий даражада тезкор ва қатъий чоралар кўришга чақирди.
“Тасаввур қилинг, жорий йилнинг тўққиз ойида қариндошлар, жумладан, яқинлар томонидан болаларга нисбатан 166 та зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Афсуски, ҳатто расмий статистика ҳам ўлчовни объектив баҳолашга имкон бермайди. Ҳақиқат бундан ҳам баттар.
Зўравонлик қурбони бўлган болалар одатда зўравонликка дучор бўлганликлари ҳақида хабар бермайдилар. Кўпинча улар қўрқув, уят ҳисси ёки оилага садоқат сабаб содир бўлган ҳолат ҳақида индамайди. Айниқса, зулм қилувчи шахс болага яқин одамлардан бири бўлса”, деди у нутқи аввалида.
Шунингдек, у ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборини зўравонлик профилактикасини кучайтириш, жавоб чораларини яхшилаш ва зўравон билан ишлаш зарурлигига қаратмоқчи эканини маълум қилди.
“Биз бу муаммога кўз юмишни бас қилишимиз керак. Зўравонлик нафақат инсон ҳуқуқларини поймол қилади, у боланинг қолган ҳаётига ҳам таъсир қилади. Биз ушбу ўткир муаммо бўйича жимжитликка чек қўйиб, муаммо ҳали ҳам мавжуд бўлишига сабабчи жамиятдаги муносабатни ўзгартирмоқчимиз. Мазкур қонун қабул қилинса, Ўзбекистон фарзандларининг ҳаётини ўзгартириши, уларни ҳимоя қилиши, тарбиялаши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имконият яратиши мумкин”, деди Мирзиёева.
Қолаверса, у:
• Болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан чораларни тубдан кучайтириш;
• Зўравонлик ҳолатлари бўйича фактларни яшириш ёки мурожаатларга жавоб бермаслик ҳолатларида мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш;
• Зўравонлик хавфи остида бўлган болалар, шу жумладан ота-онаси узоқ вақт йўқ бўлган болалар, меҳнат мигрантларининг фарзандлари рўйхатини кенгайтириш;
• Янги ижтимоий хизматнинг вазифаларини аниқ белгилаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа органлар билан болалар ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан ўзаро муносабатлар;
• Ҳимоя буйруғини чиқариш вақтини қисқартириш;
• Барча босқичларда зўравонлик қурбонлари ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлашни таклиф қилди.
“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун жами 43 моддадан иборат бўлиб, унга кўра, болаларга нисбатан зўравонлик қилганларга жиноий жазо енгиллаштирилмайди ва ҳеч қандай амнистия берилмайди.
“Мазкур қонунда болаларнинг оилаларини мустаҳкамлаш, содир этилаётган жиноятларни бартараф қилиш учун оила аъзоларининг кўникмаларини ошириш, бепул ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий психологик ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш, шахсни хулқ-атворини тузатиш бўйича дастурда иштирок этишга мажбурлаш, жинсий зўравонлик жиноятларини содир этган шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш назарда тутилган”, деди Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Бобурбек Саидбеков.
Қонунга кўра, ўз болаларига зулм қилган ота-оналардан фарзандлари олиб қўйилади. Бундан ташқари, уларга ҳимоя ордерлари берилади.
“Агар ота-она ўз фарзандининг соғлиғига зарар етказаётган бўлса, маҳалла органлари далолатнома тузиб, васийлик органлари билан боғланиб, 7 кун ичида болани улардан олиб қўя олади. Фақат бу ҳақда прокурорни хабардор қилиши керак. 7 кундан кейин судга даъво билан чиқиб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишни талаб қилиши мумкин”, деди у қўшимча қилиб.
Болалар ота-оналаридан олиб қўйилар экан, хўш, қаерга боради?
“Биринчи навбатда, боланинг энг устун манфаатларига мувофиқ келувчи шароит ярата оладиган ота ёки онанинг бириникига жойлаштириш керак. Чунки зўравонлик ҳолатларида доим ота-онанинг иккиси ҳам айбдор бўлавермайди. Агар бунинг имкони бўлмаса, боланинг қариндошлариникига ёки болага ғамхўрлик қилиш истагини билдирган бошқа шахсникига жойлаштиради. Агарда бунинг ҳам иложи бўлмаган тақдирда ваколатли орган ҳисобида турган шахсларникига ё жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга жойлаштириш чораси кўрилади. Боланинг соғлигига зиён етган тақдирда тиббиёт муассасаларига, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мазказларига олиб борилади”, деди Бобурбек Саидбеков.
Болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича миллий давра суҳбатида Шаҳноза Мирзиёевадан ташқари бошқа яна кўплаб раҳбар шахслар – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, унинг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раиси Акмал Саидов, Соғлиқни сақлаш вазири Амрулло Иноятов, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Ёшлар ишлари агентлиги раиси Алишер Саъдуллаев, Юнисефнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий офис директори ва бошқа хорижий меҳмонлар иштирок этди. Ҳатто бундай тадбирларда унча-мунчага кўриниш беравермайдиган Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев, Олий суд раиси Бахтиёр Исломов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳам бирров кўриниш бериб кетди.
Охир-оқибат тадбирнинг юки ўз зиммасида қолиб кетган Сенат Раиси Танзила Норбоева барча муаммо ёшларни оилага тайёрлашга бориб тақалишини маълум қилди. У тарбияни болаликдан бошлаш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровадан ёрдам сўради.
“Боғчадан бошлаб, мактабни битиргунча, кейин эса олий таълимда ёшларни оилага тайёрлашни давом эттириш керак. Мана шундагина бировни хафа қилмайдиган, қаттиқ гап гапирмайдиган, ҳар йили туғавермайдиган, ўзига қарайдиган, ногирон болани дунёга келтирмайдиган, қариндошига эрга тегмайдиган қиз ва қариндошига уйланмайдиган йигитларни ҳаётга тайёр ҳолда шакллантириб бўламиз”, деди Норбоева.
Жаҳон миқёсида жорий маълумотлар шуни кўрсатадики, ҳар йили дунё бўйлаб 1 миллиарддан ортиқ бола жисмоний, ҳиссий ёки жинсий зўравонликка дучор бўлади. Яқинда ўтказилган Мультииндикатор кластер кузатуви (МИКС) шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган 3 нафар боладан 2 нафари (62%) зўравонлик билан тарбиялаш усулларини бошдан кечирган (жисмоний жазо ва/ёки психологик тажовуз), 15-19 ёшли қизларнинг эса 33 фоизи эр ўз хотинини калтаклашга ҳақли деб ҳисоблайди.
Фурсатдан фойдаланган Норбоева оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни оилага тайёрлашга сарфланаётган пуллар бесамар кетаётганини айтиб қолди.
“Мана бизда оилага тайёрлаш курслари бор. Мен бир ҳафталик ана шундай курсларни жорий қилиб, миллиард-миллиард пулларни совураётганлардан норозиман. Биринчидан, бундай курсларда қамров масаласи 100 фоиз бўлаётгани йўқ. Иккинчидан, вояга етган, шаклланиб бўлган одамни бир ҳафтанинг ичида қандай қилиб оилага тайёрлаш, ёки репродуктив масалаларда тарбиялаш мумкин? Мана, масалан мен таҳлил қилиб ўрганаяпман – шу масалада давлатимиз маблағлари бесамар ишлатилаётган ҳолатлар ҳам кўп. Бундай курслар умуман натижа, фойда бераётгани йўқ. Мен Фарғонага бориб келдим. У ерда маҳалла фаолларини бир соатлик ўқитиш курслари учун психологларга давлат бюджетидан 700 млн сўм ажратилган экан. Улар нима каромат кўрсатди? Қанақа психолог бўлди? Умуман самарасиз”, деди Сенат Раиси.
Видео аввалида Ўзбекистонда болаларга зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётганини айтган эдик. Бузилаётган оилалар, етим қолаётган, ҳали ота-онасидан, ҳали бегоналардан калтак еётган, зўрланаётган болаларга доир рақамлар мана энди-энди ошкор қилинмоқда. Ўзбекистон ёпиқ қозоннинг бу ёпиқ мавзусини очишга, болаларни ҳимоя қилишга кечикмадими?
Бу саволга жавобан UNICEF’нинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Регина Де Доминисис ҳеч қачон кеч эмаслигини айтди.
Унинг қўшимча қилишича, ушбу қонун, агар қабул қилинса, Ўзбекистон фарзандларининг ҳаётини шакллантириш, уларни ҳимоя қилиш, тарбиялаш ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятларига эга бўлади. Қонун лойиҳасининг тили ва мақсади болаларни ҳимоя қилишнинг энг юқори стандартларини акс эттириши жуда муҳим, бу шунчаки қоғоздаги сўзлар эмас, балки Ўзбекистондаги барча болалар ҳаётини ўзгартирувчи куч бўлиши керак.
LiveБарчаси