Зўравонликка учраган аёлнинг ажрашиши осонлашиши мумкин
Жамият
−
13 Февраль
3071Ўзбекистонда эндиликда никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда суд оилавий (маиший) зўравонлик жиноятидан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламаслиги белгиланиши мумкин. Бу “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгиланмоқда.
Қонунда оилавий (маиший) зўравонликдан жабр кўрганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ҳамда бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга қаратилган нормалар назарда тутилмоқда.
Қайд этилишича, никоҳдан ажратиш масаласи ўз вақтида ҳал қилинмаслиги айрим ҳолларда аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши, бевақт ўлими каби аянчли оқибатларни келтириб чиқармоқда. Бу норманинг амалиётга жорий этилиши мунтазам тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўлган низоли оилаларда оғир жиноятлар содир бўлишининг олдини олади.
Бундан ташқари, Қонун билан Уй-жой кодексига қўшимча киритилиб, турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан мулкдорнинг ташаббусига кўра турар жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни мулкдорга тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Ушбу қонун 11 февраль куни Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, шунингдек, ҳудудлардан маҳаллий Кенгашларнинг Ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари комиссиялари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида муҳокама қилинган. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши хотин-қизлар ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга, уларнинг тураржой масалаларини қонуний ҳал қилишга хизмат қилиши қайд этилган. Мажлис сўнггида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.
LiveБарчаси