Зокиржон Алматов билан интервьюни 18 кунда 1,2 млн киши томоша қилди
Жамият
−
05 Апрель 2019
15363Хабарингиз бор, жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов билан эксклюзив интервьюни эътиборингизга ҳавола этган эдик.
70 ёшни қаршилаш арафасида турган Зокиржон Алматов ОАВга илк бор интервью берди.
1991-2006 йилларда Ички ишлар вазири лавозимида фаолият юритган Зокиржон Алматовнинг интервьюси сайтимиз кузатувчилари томонидан жуда катта қизиқиш билан кутиб олинди. Суҳбат давомида Алматов қуйидаги мавзуларда сўз очган эди.
• 1989 йил Бўка воқеалари;
• 1990 йил Паркент воқеалари;
• 1991 йил Президент Каримовга очиқдан очиқ қаршиликлар, мухолифатнинг юзага келиши;
• 1992 йил “Ёшлик” талабалар шаҳарчасидаги намойиш;
• 1999 йил 16 февраль воқеалари, Ислом Каримовга уюштирилган суиқасд;
• 2004 йил Чорсудаги мудҳиш тонг;
• 2005 йил бутун дунёни ларзага келтирган Андижон воқеалари;
• Алматов истеъфосидан сўнг мамлакатда ҳуқуқ-тартибот органлари орасида норасмий лидерлик ИИВдан МХХга ўтиши;
• уюшган жиноятчилик, Салим Абдувалиев ва Ғафур Раҳимовнинг мамлакат ривожига қўшган ҳиссаси.
Интервью нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий мамлакатларда, қатор халқаро ОАВда ҳам қизиқиш уйғотди. Айниқса, Зокиржон Алматовнинг 2005 йил май ойида Андижонда содир бўлган воқеалар ҳақидаги очиқламаси кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Биз ушбу интервью ва унинг қисқа видеороликлари умумий ҳисобда қанча томоша қилинганини ҳсиоблаб чиқдик. Натижа эса мақтанишга арзигулик.
Жорий йилнинг 18 март куни тақдим этилган мазкур интервью бугун, 5 апрелга қадар ўтган 18 кун давомида QALAMPIR.UZ сайти, YouTube, Mover ва ижтимоий тармоқлар – Instagram, Facebook’даги саҳифаларимизда жами 1 миллион 200 минг мартадан ортиқ томоша қилинган.
Интервьюга алоқадор матнли маълумотлар – мақола, хабар, янгиликлар жами 850 минг 790 киши томонидан ўқилган. Интервьюга нисбатан YouTube, Mover саҳифалари ва Instagram, Facebook орқали 7 мингдан ортиқ изоҳлар келиб тушган. Интервью лавҳалари ижтимоий тармоқларда 5 минг киши томонидан кўчириб олинган.
Юқоридаги кўрсаткичлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов билан ўтказилган интервью кўпчиликнинг эътиборини қозонганидан далолат бериб турибди.
Биз эса ҳаракатда давом этамиз. Тез орада Озарбайжон Республикаси пойтахти Баку шаҳри мэри Элдор Азизов билан эксклюзив интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
LiveБарчаси