Зилзила сабаб Истанбулда мактаб ва олийгоҳлар ёпилди
Олам
−
23 Апрель
4219Туркиянинг Истанбул шаҳридаги мактаб ва университетларда таълим 2 кунга тўхтатилди. Бу ҳақда бугун, 23 апрель куни Туркия Миллий таълим вазири Юсуф Текин халққа йўллаган баёнотида сўз очди.
“Мактабларимиздан фақат иккитасининг ташқи гипсида ёриқлар бор. Бундан ташқари, бизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳозиргина Ички ишлар вазири билан гаплашдим. Эртага ва эртадан кейинги кунларда мактабларни ёпишимизни сўрашди”, деган у ўз баёнотида.
Шу билан биргаликда, Юсуф Текин мактаб боғлари омма учун очиқлигини айтган.
“Истанбулда содир бўлган ва қўшни шаҳарларда ҳам сезилган зилзиладан сўнг ҳозиргача мактабларимизда жиддий салбий ҳолатлар кузатилмаган. Хавфсиз ҳудудларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, мактаб ҳовлиларимиз барча фуқароларимиз фойдаланиши учун очиқ. Умид қиламанки, бутун халқимиз тез орада тузалиб кетади”, деган вазир.
Истанбулда зилзила
Бугун, 23 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 12:49 да Туркиянинг Истанбул шаҳрида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди. У Силиври тумани соҳилида содир бўлган. Зилзила қўшни вилоятларда ҳам сезилган. Зилзила эпимаркази 6,99 километр чуқурликда жойлашган. Қолаверса, 6,2 магнитудали биринчи зилзиладан кейин магнитудаси 3,1 дан 4,9 гача бўлган ўнта афтершок қайд этилди. Соат 12:51 да ерости силкиниши (5,9) қайд этилган. Ундан кейин 4,4, 4,8, 4,5 ва 4,9 магнитудали зилзилалар кузатилган. 13:07 дан бошлаб силкинишлар кучи 3,4 дан 3,1 гача пасайишни бошлаган. Маҳаллий мутахассисларнинг сўзларига кўра, ерости силкинишлари ҳали давом этиши мумкин.
Ушбу зилзилалар пайтида 151 киши қўрқув сабаб баландликдан сакраган ҳолда тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Истанбул губернаторлиги маълумотига кўра, зилзила оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маҳаллий фавқулодда хизматлар билан доимий алоқада бўлиб, вазиятни кузатишда давом этаётгани ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Истанбул шаҳридаги кетма-кет рўй берган зилзилалардан сўнг, шаҳарни тарк этишни хоҳловчилар сони ортгани ва авиачипталар нархи кескин ошиб кетгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси