Зилзила хавфи қўрқитаётган Истанбул туристлар оқими бўйича рекорд ўрнатди

Олам

image

2023 йил июль ойида Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбулга рекорд миқдордаги хорижлик сайёҳлар ташриф буюрди. Бу ҳақда шаҳар маданият ва туризм бошқармаси хабар берди.   

2023 йил июл ойида Истанбул турли мамлакатлардан 1 873 097 нафар сайёҳни қабул қилган, бу 2022 йилга нисбатан 6 фоизга кўпдир. Қолаверса, бу сўнгги 10 йилдаги рекорд кўрсаткич. Истанбулга энг кўп сайёҳлар Россиядан келган – 185 636 киши. 

Жорий йилнинг атиги етти ойида Истанбулга 9 миллион 776 минг 635 нафар сайёҳ ташриф буюрган.  

Август ойи бошида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2023 йилда Туркияга келаётган россиялик сайёҳлар сони бўйича янги рекорд ўрнатилиши мумкинлигини айтган эди. 2022 йилда Туркияга 44,6 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, улардан 5,2 миллиони россияликлар. Россиядан келган сайёҳлар сони бўйича рекорд 2018 йилда Туркияда ўрнатилди. Кейин республикага Россия Федерациясининг қарийб 6 миллион фуқароси борган. 

Шуни айтиш ўринлики, Истанбул бетакрор туристик шаҳар бўлса-да, аллақачон бутун дунё сайёҳларининг қўрқувини уйғатаётган шаҳарга айланган. Боиси бундан бироз аввал туркиялик сейсмологлар Мармара денгизи минтақасида, хусусан 16 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Истанбул шаҳрида 7,2-7,6 балли зилзилалар бўлишини башорат қилганди. Зилзила қачон бўлиши маълум эмас, бироқ расмий идоралар аллақачон тайёргарликни бошлаб юборган. 

Сейсмологларнинг фикрича, кутилаётган юқори магнитудали силкинишлар ортидан шаҳардаги 90 мингга яқин бино дарҳол қулаши, 260 мингдан ортиғига зарар етиб, яшаш учун яроқсиз ҳолга келиши ва бунинг оқибатида 4,5 миллион аҳоли бошпанасиз қолиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркия жануби-шарқида 7,7 ва 7,6 магнитудали кучли зилзилалар содир бўлган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, рўй берган зилзила қурбонлар сони 50 мингдан ошган. Шунингдек, мамлакатнинг Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазирлиги 763 000 та бинога зарар етгани, камида 41 791 бино жиддий шикастланган ёки вайрон бўлгани ҳақида маълумот берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг