Зилзила 3 мингдан ортиқ силкинишларга сабаб бўлган. Эрдўған янги маълумотларни очиқлади

Олам

image

6 февраль куни Туркия жануби-шарқида содир бўлган зилзилалар 3000 дан ортиқ ер силкинишларига сабаб бўлди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 14 февраль куни Анқарада бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг маълум қилди. 

“3170 та ер силкиниши билан содир бўлган зилзилалар 13 миллион киши яшайдиган вилоятларимизда катта вайронагарчиликларга олиб келди. Зилзиланинг ҳалокатли таъсири 500 км майдонни қамраб олди. Бу зилзилалар юзлаб энг кучли атом бомбаларига тенг энергия ишлаб чиқарди. Биринчи зилзила пайтида зарар кўрган баъзи бинолар иккинчи зилзила пайтида қулаб тушди”, дейди Туркия раҳбари. 

Унга кўра, зилзилалар оқибатида 35 418 киши ҳалок бўлган. Шундай қилиб, 6 февралдаги зилзилалар Туркиянинг замонавий тарихидаги энг ҳалокатли зилзилага айланди. Туркиядаги аввалги энг даҳшатли зилзила 1939 йилда Эрзинжон шаҳри яқинида содир бўлган, 33 мингга яқин одам табиий офат қурбони бўлган. 

“Туркия ҳукумати биринчи босқичда зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда 30 минг уйни қайта қуришни режалаштирмоқда, жараён март ойида бошланади”, дейди Президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, табиий офат пайтида жабрланганларнинг 13 минг 208 нафари айни пайтда мамлакат шифохоналарида даволанмоқда. Зилзила содир бўлган ҳудудда 175 мингдан ортиқ чодир ва 5400 та контейнер типидаги уйлар ўрнатилган. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, ҳозирда зилзиладан жабр кўрган жами 1,6 миллион кишининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи қондирилган. 

Унинг сўзларига кўра,  Туркия ҳукумати бутун зилзила зонасида уй-жойга бўлган эҳтиёжни қондириш учун бир йил ичида сифатли ва хавфсиз биноларни қуришни якунлаш ниятида. 

Туркия раҳбарининг таъкидлашича, бутун дунё мутахассислари Туркиядаги вайронкор зилзилаларни “алоҳида табиий ҳодиса” деб атаган. 

Ҳалокат зонасида 250 мингга яқин давлат хизматчиси қидирув-қутқарув ва бошқа ишларга жалб қилинган. Эрдўған зилзиладан зарар кўрган ҳудудларда қидирув-қутқарув ишлари вайроналар остидан охирги жабрланувчи олиб чиқилгунга қадар давом этишини таъкидлади. 

Туркия раҳбари, шунингдек,  табиий офат ҳудудида 28 минг турк аскари хизмат қилаётганини айтди. 

Давлат раҳбари 15 февраль куни Туркия вақти билан соат 20:00да Туркия, Озарбайжон ва Шимолий Кипр Турк Республикасида “Туркия бир юрак” шиори остида зилзила қурбонларига ёрдам акцияси ўтказилишини қўшимча қилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркиядаги вайронкор зилзила қурбонлари 35 минг 418 нафарга етди. 105 минг 505 киши жароҳатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Туркиядаги зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг