Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов вафот этди

Жамият

image

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси уюшма бошқаруви раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли журналист ва шоир Саъдулла Ҳакимов бугун, 11 октябрь куни 69 ёшида вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.

Саъдулла Ҳакимов 1951 йил 25 мартда Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган.

1977 йили Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Ғаллаорол туманида ўқитувчиликдан бошлаган. Ўзбекистонда социал таъминот” журнали масъул котиби, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бўлим мудири, “Ўзбекистон овози” газетаси бўлим мудири, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси масъул котиби, “Маърифат” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ахборот маркази раҳбарининг ўринбосари, раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича Давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари, “Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлиги бош директори, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири лавозимларида ишлаган.

2016 йилнинг 29 декабридан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Саъдулла Ҳакимов Ватан ва юрт олдидаги хизматлари учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони (2002йил), “Меҳнат шуҳрати”ордени(2019 йил) билан тақдирланган.

Маълум бўлишича, унинг вафотига коронавирус хасталиги сабаб бўлган. Марҳум бугун, 11 октябрь куни пешин намозидан кейин дафн этилади. 

QALAMPIR.UZ таҳририяти аъзолари марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.


Мақола муаллифи

Теглар

Журналист Саъдулла Ҳакимов

Баҳолаганлар

119

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг