Журналист ва блогернинг суди ёпиқ ўтадиган бўлди

3-саҳифа

image

Бир муддат аввал “Uzdiplomat” интернет-нашри бош муҳаррири Анора Содиқова блогер Мирсаид Ҳайдаров устидан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритган. Бугун, 26 февраль куни мазкур иш бўйича суд жараёни бошланди. Аммо суд ёпиқ ўтадиган бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари маълум қилди.

Унга кўра, бугунги суд мажлисида жавобгар Мирсаид Ҳайдаров даъво ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан таништирилган. Даъвогар Анора Содиқова эса судга киритилган даъво аризасини тўлдириш ҳақида аризани тақдим қилган. 

“Шундан сўнг, даъвогарнинг адвокати томонидан Фуқаролик-процессуал кодексининг 208-моддасига асосан суд мажлисини очиқ тарзда ўтказилиши ҳамда оммавий ахборот воситаларида трансляция қилиниши ҳақида илтимоснома киритди.
Ўз навбатида, жавобгарнинг адвокати низо предмети жавобгарнинг шахси, унинг ҳаёти ва шахсий ёзишмалари билан боғлиқ бўлганлиги сабабли суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш ҳақида илтимоснома киритган.
Суд мажлисида даъвогар, жавобгар ва уларнинг вакилларининг илтимосномалари бўйича фикрлари ҳамда эътирозлари эшитилиб, раислик этувчи жавобгар вакилининг илтимосномасини қаноатлантириш, даъвогар вакилининг илтимосномасини эса Фуқаролик-процессуал кодексининг 12-моддаси 3-қисмига асосан рад қилиш, яъни, ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш ҳақида ажрим эълон қилинди.
Шу тариқа ушбу фуқаролик иши бўйича суд мажлислари ёпиқ тарзда бўлиб ўтиши белгиланди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Анора Содиқова ўз аризасида жавобгар Мирсаид Ҳайдаровга “Uzdiplomat” интернет-нашридан узр сўраш ва раддия бериш мажбуриятини юклаган ҳамда маънавий зарар ундиришни сўраган. Даъво аризаси ҳақидаги илк хабарларда унинг блогер томонидан ижтимоий тармоқ, турли аноним каналларда ўз шаъни, қадр-қиммати камситилгани ва туҳматга учрагани ҳақида баён қилинган эди. Аммо блогернинг ўзи бугун, 26 февраль куни даъво аризасига бундай мазмундаги шикоят киритилмаганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Анора Содиқова Мирсаид Ҳайдаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг