Жуда оғир шароитда яшаяпмиз – Мирзиёев вилоятлар раҳбарларини танқид қилди
Жамият
−
30 Апрель 2021
11566Бугун, 30 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Давлат раҳбари сўзининг аввалида барча соҳалар бўйича қарор ва фармонлар қабул қилинаётгани, бундан мақсад янги иш ўринлари яратиш ва аҳолини даромад билан таъминлаш эканини таъкидлади. Қарорлар қабул қилишда ҳар бир соҳа бўйича маблағи ва яратиладиган ишчи жойлари аниқ кўрсатилаётгани қайд этилди.
“Жуда оғир шароитда яшаяпмиз. Дунёда иқтисодиёт бўйича вазият жуда оғир. Ҳамма соҳа бўйича қарор ва фармонлар қабул қилиб, тизимини, шароитини йўлга қўйиб бердик. Энди раҳбарлар маблағларни топиш ва жой-жойига қўйиш бўйича ишлаши керак. Яқинда хизматлар соҳаси бўйича видеоселектор йиғилишида туман ва шаҳарлар ҳокимларига барча топшириқлар берилди. Ҳокимлар хизматлар бўйича қандай қарорлар қабул қилади, нима ўзгариш қилади – энди улар фаолиятига шунга қараб баҳо берилади, ўзгариш қилмаса туман, шаҳар раҳбарлари ишдан кетади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент раҳбарлар масъулияти ва жавобгарлиги масаласига яна бир бор тўхталди.
“Раҳбарлар ҳар ҳафта хизматлар бўйича таҳлил олиб бориши керак. Афсуски, жойларда коррупция ҳолатлари ҳалиям барҳам топмаяпти. Коррупцияни илдизи билан йўқотмасак, қилаётган ислоҳотларимиз амалга ошмайди”, деди давлат раҳбари.
Йиғилишда қурилиш материаллари, мебель, уй-жой ва маиший хўжалик моллари, тўқимачилик, ипакчилик, фармацевтика, электротехника, чарм-пойабзал, заргарлик, чинни буюмлари, озиқ-овқат ва мева-сабзавотни қайта ишлаш каби саноат тармоқларида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилмоқда.
Қайд этилганидек, сўнгги 3 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 бараварга ошди. Лекин, бу ҳали ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаётгани йўқ.
Цементга бўлган эҳтиёж – 86 фоиз, қурилиш ойнаси – 69 фоиз, керамик буюмлар – 40 фоиз, гулқоғоз (обой) – 30 фоиз, лак-бўёқ – 65 фоизга таъминланмоқда.
Ўтган йили қарийб 1 миллиард долларлик (металл ва ёғочдан ташқари) қурилиш материаллари импорт қилинган.
“Афсуски, бугунги кунгача бирорта туман, шаҳар ёки вилоят раҳбари маҳаллий саноат салоҳияти ва ундан фойдаланишни чуқур ва пухта ўйлаб кўргани йўқ. Ҳудудга нима четдан олиб келинаяпти, нимани ўзида ишлаб чиқариш мумкин, бунинг учун нима қилиш керак, деган саволлар ҳокимларни ҳар куни қийнаши керак”, деди Президент.