ЖССТ гуруҳи Хитойга киритилмаяпти. Улар коронавируснинг келиб чиқишини ўрганмоқчи
Олам
−
07 Январь 2021
4841Хитой Ҳукумати коронавируснинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) халқаро илмий экспертлар гуруҳининг мамлакатга келишига ҳали рухсат бермаган. Бу ҳақда жорий йил 5 январь куни Женевада бўлиб ўтган брифингда ЖССТ Бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, бу масала Хитой раҳбарияти билан олдиндан муҳокама қилинган.
“Аниқланишича, Хитой расмийлари гуруҳ келиши учун зарур бўлган расмийлаштириш ишларини ҳали тугатмаган”, деган ЖССТ раҳбари бундан жуда ҳафсаласи пир бўлганини таъкидлаб.
Унинг айтишича, гуруҳнинг икки нафар мутахассиси бу ҳақда Хитойга йўл олиб бўлганида хабар топган.
Гебрейесуснинг таъкидлашича, у Хитой расмийларига ушбу миссия ЖССТ учун устувор вазифа эканини аниқ тушунтирган.
“Биз миссияни иложи борича тезроқ бажарилишини жуда хоҳлаймиз”, дея хулоса қилган ЖССТ раҳбари.
Ўз навбатида, ЖССТ Фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райан ташкилот экспертлар гуруҳи аъзоларининг Хитойга кириш имконияти билан боғлиқ муаммоларни қисқа вақт ичида ҳал қилишни кутаётганини таъкидлаган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари айтган гуруҳ аъзоларидан бири уйига қайтган, иккинчиси эса вазият ҳал қилинишини кутмоқда.
Иккинчи томоннинг вазиятга аниқлик киритишича, пандемия ҳолатида чет элдан одамларнинг келишини тартибга солувчи расмий процедуралар туфайли Хитой Ҳукумати ЖССТ делегацияси аъзоларига виза бермаган. Бу ҳақда кеча, 6 январь куни Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Хуа Чуньин маълум қилган.
Дипломатнинг сўзларига кўра, ХХР расмийлари тегишли масалаларни ҳал қилиш мақсадида халқаро ташкилот билан доимий алоқаларни ўрнатади.
Ташқи ишлар вазирлиги вакили Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари илгари пандемия сабабларини аниқлаш учун Хитойга бир неча бор ташриф буюрганини ва ҳар сафар Пекин уларни фаол қўллаб-қувватлаганини эслатган.
Маълумот учун, 2020 йилнинг декабрь ойи ўрталарида ЖССТ мутахассислари гуруҳи коронавирус манбасини қидириш учун январь ойида Хитойга боришни режалаштирганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус “ўчоғи” бўлган Хитойнинг Ухань шаҳрида COVID-19 эпидемияси 2019 йилнинг декабрь ойида бошланган эди.
Турли тахминларга кўра, коронавирус Ухань шаҳридаги денгиз маҳсулотлари бозорида пайдо бўлган.