Жонсон ДХРда ўлимга ҳукм қилинган икки британияликни қайтаришни буюрди

Олам

image

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Россиянинг британиялик ҳарбий асирлар Шон Пиннер ва Эйден Аслинни ўлдириш билан таҳдид қилганидан ғазабланди ва вазирларга уларни озод қилиш учун “қўлдан келган барча иш”ни қилишни буюрди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри Бош вазир матбуот котибига таяниб, хабар берди.

Қайд этилишича, Борис Жонсон воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда ва барча ходимларидан Аслин ҳамда Пиннерни имкон қадар тезроқ оилалари билан бирлаштириш учун қўлларидан келганини қилишни сўраяпти.

“Биз бу одамларга нисбатан сохта ўлим ҳукмини бутунлай рад этамиз. Уларнинг ҳуқуқлари бунчалик бузилишини оқлаб бўлмайди”, дейди Бош вазир матбуот котиби.

Жонсон вакилининг таъкидлашича, Буюк Британия ушбу вазият бўйича Россия билан эмас, балки Украина билан музокаралар олиб боришни принципиал масала деб билади. Британия ҳукумати Россия билан ҳарбий асирларни озод қилиш масаласини муҳокама қила олмайди, чунки уларда руслар билан мунтазам алоқалар йўқ.

Матбуот котибига кўра, британиялик ҳарбий асирлар Украина Қуролли кучлари аъзолари сифатида Женева конвенцияси билан ҳимояланган.

Эслатиб ўтамиз, тан олинмаган Донецк халқ республикаси Олий суди Украина қуролли гуруҳлари таркибида ёлланма ҳарбий ҳаракатларда қатнашганликда айбланаётган Британия фуқаролари Шон Пиннер ва Эйден Аслин, шунингдек марокашлик Саадун Браҳимни ўлим жазосига ҳукм қилганди.

12 апрель куни 2018 йилдан бери Украинада яшаб келаётган ва Украина Қуролли Кучлари денгиз пиёдалари корпуси сафида Мариуполни ҳимоя қилаётган британиялик Эйден Аслин  уйига қўнғироқ  қилиб, унинг бўлинмасида ўқ-дорилар қолмаганини ва улар таслим бўлишга мажбурланганини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Шон Пиннер ва Эйден Аслин

Баҳолаганлар

541

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг