Жиззахда сел келиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 нафарга етди
3-саҳифа
−
21 Апрель 2022
8901Жиззахнинг Фориш туманида сел келиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 нафарга етди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ёмғир ёғиши оқибатида Фориш тумани “Эгизбулоқ” МФЙ ҳудудидаги Нурота тоғ тизмасидан “Оришли” қишлоғи орқали “Эгизбулоқ” қишлоғига кучли сел тошқини келган.
Аввалига сел келиши оқибатида шу ҳудудда яшовчи 4 нафар шахс вафот этгани, 1 нафари бедарак йўқолгани ва 6 нафари турли даражада тан жароҳати олгани қайд этилган.
Шунингдек, сел тошқини натижасида 53 та турар жой ва уларнинг ёрдамчи хўжалик биноларига зарар етган.
Сўнгра, мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ва тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бедарак йўқолган шахс сувга чўкиб, вафот этгани аниқланган ва унинг мурдаси топилган.
“Воқеа содир бўлган ҳудудда тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, тошқин оқибатлари бартараф этилмоқда. Терговга қадар текширув ҳаракатлари натижаси бўйича қўшимча равишда маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 апрель куни кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида Жиззах вилоятининг Бахмал, Фориш, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларида сел оқимлари юзага келди.
Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Булунғур туманида ҳам кучли ёғингарчилик кузатилгани оқибатида сел келди. Самарқанд шаҳрининг кўплаб кўчаларида сув тўпланиши ҳодисалари кузатилди.
LiveБарчаси