Жиянларига жинсий зўравонлик қилган амакига жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
26 Август
11266Тошкент вилоятида икки жиянини васийликка олиб, уларга нисбатан жинсий тажовуз қилиб келаётган амакига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, Болалар омбудсманига Тошкент вилояти Паркент туманида яшовчи аёл мурожаат қилиб, ота-онаси вафотидан сўнг 2 нафар синглисига васийлик қилиб, уларга нисбатан уятсиз бузуқ ҳаракатлар содир этаётган амакисига қонуний чора кўрилишини сўраб, мурожаат қилган.
Болалар омбудсмани сўрови асосида Қозоғистон Республикаси Олмаота шаҳрида қизларга жинсий зўравонлик содир этган Р.Р. га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган ва унга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Болалар омбудсманининг Қозоғистон Болалар омбудсмани билан биргаликда самарали ҳамкорлиги натижасида вояга етмаган И.А. ва С.Р.ларга Олмаота шаҳри адаптация марказида барча зарурий ижтимоий-психологик кўмак кўрсатилган.
Жиноят иши доирасидаги улар билан боғлиқ барча тергов ҳаракатлари ўтказиб бўлинганидан сўнг, жорий йилнинг 24 август куни қизлар Ўзбекистонга қайтарилди ва Тошкент шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
“Шу кунларда қизларнинг опаси А.А.ни уларга васий этиб белгилашга оид ҳужжатлар расмийлаштирилиши жараёни кетмоқда. Шунингдек, ҳозирда Р.Р.га нисбатан дастлабки тергов тамомланиб, материаллар жиноят ишлари бўйича тегишли туман судига юборилди. Бу борада қўшимча ахборот берилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда қўшнисининг қизига уятсиз қилиқлар қилган эркак қамоққа олинганди.
LiveБарчаси