Женевадаги музокаралар натижалари етарли эмас – Зеленский
Олам
−
09:02 716 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Женевада Россия делегацияси билан ўтказилган икки кунлик музокаралар натижаларини етарли эмас деб баҳолади. Бу ҳақда у кеча, 18 февраль куни эълон қилган видеомурожаатида сўз очди.
Зеленскийга кўра, делегациялар ўртасидаги алоқалар жиддий ва мазмунли бўлган. Шу билан бирга, нозик сиёсий масалалар, эҳтимолий муросалар ҳамда икки давлат раҳбарлари учрашуви зарурати билан боғлиқ жиҳатлар ҳали етарлича ишлаб чиқилмаган. У навбатдаги учрашувни яна февраль ойида ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлишини билдирган.
Президент, шунингдек, делегацияга гуманитар йўналишни ҳам муҳокама қилиш вазифаси қўйилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий асирлар алмашинуви ва тинч аҳолининг озод этилиши масалалари долзарб ҳисобланади. У Украина Қуролли кучларининг саъй-ҳаракатлари нафақат ҳарбий, балки гуманитар ва дипломатик натижалар ҳам бераётганини қайд этган.
Зеленский музокараларда Франция, Буюк Британия, Германия, Италия ҳамда мезбон сифатида Швейцария вакиллари иштирок этганини муҳим деб атаган ва Украина доимо Европанинг музокара жараёнида қатнашиши тарафдори бўлиб келганини таъкидлаган.
17–18 февраль кунлари ўтган музокараларда Россия делегациясига Владимир Мединский бошчилик қилди. У маслаҳатлашувларни оғир, аммо ишчан руҳда ўтган деб таърифлаб, яқин орада навбатдаги босқич ўтказилишини маълум қилди. Украина делегациясига раҳбарлик қилган Рустам Умаров айрим масалаларда аниқлик киритилганини, бироқ тафсилотларни ҳозирча ошкор этиб бўлмаслигини билдирди.
Олдинроқ, Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрй Песков Владимир Путин ва Зеленский учрашуви фақат Москвада ўтиши мумкинлигини айтган эди. Бунга жавобан Украина раҳбари Москвага бора олмаслигини, бироқ Россия ва Беларусдан ташқари исталган мамлакатда учрашишга тайёрлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 февраль куни Россия, Украина ва АҚШ вакиллари Женевада Украинадаги урушни тўхтатиш масаласидаги музокараларнинг навбатдаги куни ўтказилганди.
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль