Жазони ўтаб чиққанларни иш билан таъминлаганларга субсидия берилади

Жамият

image

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга олганларга субсидия ажратилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 5 сентябрь куни қабул қилинган “Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд айрим тоифаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарорида маълум қилинди.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 октябрдан жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир шахс учун 3 ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттирганидан сўнг, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари (990 минг сўм) миқдорида бир марталик субсидия ажратилади. Бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав (фонди) капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар эса бундан мустасно.

2025 йил 1 январгача тадбиркорларга жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларнинг назоратда бўлган (пробация) даврида меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қайтариб бериш тизими жорий этилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 октябрдан қуйидагилар йўлга қўйилади:

  • “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш;
  • жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ташкилотлардаги мавжуд бўш (вакант) ҳамда захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш тизими.

Бундан ташқари, қарор билан Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия бериш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинган.

Унга кўра, иш берувчилар жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсни ишга қабул қилгандан сўнг, 3 ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттирганидан кейин субсидия олиш учун туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларига ёзма равишда ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

субсидия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг