Жазоир Макроннинг “масъулиятсиз” баёноти сабаб Франциядаги элчисини чақиртириб олди
Олам
−
03 Октябрь 2021
7466Жазоирнинг Париждаги элчиси Франция Президенти Эммануэль Макроннинг “масъулиятсиз” баёнотидан кейин чақириб олинди. Бу ҳақда Жазоир етакчиси Абдулмажид Теббун маълум қилди.
“Элчини Париждан чақириб олиш қарори Франция Президентининг масъулиятсиз баёнотлари туфайли қабул қилинган”, дея Теббуннинг сўзларини келтирган Президент матбуот хизмати.
Жазоир раҳбари, мамлакатининг ички ишларига аралашувни мутлақо қабул қилмаслигини таъкидлаган. Теббуннинг сўзларига кўра, Макроннинг сўзлари Жазоирда француз мустамлакачилиги даврида ҳалок бўлган одамлар хотирасини ҳақоратлаш билан баробар.
“Le Monde” газетаси Макроннинг Жазоирнинг расмий тарихи амалда тўлиқ қайта ёзилгани ҳақида билдирган фикрларини эълон қилганди. Унда айтилишича, 30 сентябрда Макрон Елисей саройидаги қароргоҳида 1954-1962 йиллар давомида Жазоир мустақиллиги учун борган урушнинг бош қаҳрамонлари авлодлари билан учрашган. Суҳбат чоғида Макрон Жазоир номига танқидий фикрлар билдириб, жумладан мамлакат тарихи “Францияга адоват билан йўғрилган ҳолда қайта ёзилгани”ни айтган.
Шундан сўнг, Франциянинг Жазоирдаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган ва Париждаги Жазоир дипломатик ваколатхонаси бошлиғи маслаҳатлашувлар учун мамлакатига чақириб олинган. Франция ҳукумати матбуот котиби Габриел Аттал аввалроқ Париж Марокаш, Жазоир ва Тунис фуқаролари учун виза тартибини кучайтираётганини айтганди.
Маълумот учун, Жазоир 130 йилдан ортиқ вақт давомида Франция мустамлакаси бўлган. 1954 йилда Жазоирда бошланган мустақиллик уруши 1962 йилда Эвиан сулҳ битимининг имзоланиши, сўнгра Жазоир мустақиллигининг эълон қилиниши билан якунланди. Бу урушда, ҳар хил маълумотларга кўра, 300 мингдан миллионгача одам қурбон бўлган.