Жазирама кунларда деҳқон ва боғбонлар ҳосилини қандай парваришлаши керак?

Фойдали

image
Энергетика вазирлиги аҳолидан “свет”ни тежаб ишлатишни сўради north_east

Энергетика вазирлиги аҳолидан “свет”ни тежаб ишлатишни сўради

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 17-22 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши кучайиши сабабли кундуз кунлари айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати +47 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бундай об-ҳаво шароитининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга таъсири ҳақида маълумот ва тегишли тавсияларни берди.

Қайд этилишича, юқори ҳаво ҳарорати ғўза парваришига салбий таъсир кўрсатиб, уни стресс ҳолатига тушишига олиб келади. Бундай пайтларда кластерлар, фермер хўжалиги раҳбарлари, механизатор ва ишчилар, соҳа мутахассислари, олимлар ғўзани жазирама иссиқ ва гармселдан зарар кўрмаслигига ҳамда яратилган ҳосилни сақлаб қолишга ўта омилкорлик билан ёндашишлари талаб этилади.

Салбий оқибатларнинг олдини олиш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш тавсия этилади:

Биринчидан, бу давр ичида вилоят ва туманларнинг барча секторлари ўзларининг ҳудудларида соҳа мутахассислари, тажрибали деҳқонлар ва масъул ташкилотлар ходимларидан иборат “штаблар” ташкил этади. Ушбу штабларда туну-кун навбатчилик йўлга қуйилади ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, механизаторлар, ишчи ва сувчилар тўлиқ далага кўчиб чиқиши лозим.

Иккинчидан, ҳар бир суғоришдан кейин тупроқ етилиши билан култиваторларни “балиқ сирти” қилиб ўраган ҳолда эрталаб ва кечки соатларда кесак ҳосил қилмасдан майин култивация қилиш йўлга қўйилади. Акс ҳолда тупроқ юзаси ёрилиб, ўсимлик илдизлари зарарланади, вилт касаллигига чалиниши эҳтимоли ошади, ўсиши ва ривожлашига салбий таъсир кўрсатиб, ҳосил элементлари тўкилиб кетади.

Учинчидан, мавжуд барча пуркагичларни (ОВХ-600, ВП-1, штангали Апполон) кечки соат 19:00 дан кейин эрталаб 7:00 гача отряд усулида ишлаши тизимли ташкил этиш керак. Бунда ғўзага фақат стимуляторлар ва микроўғитли препаратлар билан ишлов бериш тавсия қилинади.

Тўртинчидан, вилоят ва туманларда барча техникалар тизимли равишда маҳаллий ўғит жамғариш ва фекал чиқаришга сафарбар қилинади. Ҳудудлардаги чорвачилик, паррандачилик ва қўйчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида тўпланган маҳаллий ўғитлар суғорилаётган дала майдонларига олиб чиқилади.

Бешинчидан, жойларда сувни тўғри тақсимлаш ва мониторинг қилиш “штаблари” ташкил этилади ва мавжуд сувдан самарали фойдаланиш тизими йўлга қўйилади. Сув олдиндан режалаштирилган ва тасдиқланган графиклар асосида ғўза, такрорий экин ва томорқаларга ўз вақтида етказилишига сув штаблари шахсан жавобгар ҳисобланади.

Олтинчидан, ғўзани суғоришда сувчилар сонини камида 2-3 мартага ошириш, уларга далада барча шароитларни яратиш ва тунги суғоришга алоҳида эътибор берилади. Суғорилаётган ҳар бир майдон, албатта, шарбат усулида суғорилиши, суғоришни қисқа ўқ ариқлардан фойдаланган ҳолда ҳамда мавжуд эгилувчан қувурлар орқали амалга ошириш шарт. Хусусан, кам сув билан, тез-тез сувни кўллатмасдан, имкон қадар тактил усул билан жилдиратиб суғориш керак.

Бундай пайтларда пахта майдонларида эгат оралатиб енгил суғориш усулидан фойдаланиб, қисқа муддатларда пешма-пеш барча пайкалларни намлаб олиш яхши самара беради. Шунингдек, далада сувни узоқ оқизиб ва зовурга ташлаб қўйишга асло йўл қўйилмайди.

Тунги суғориш ишларини ташкил қилиш ва назоратини йўлга қўйиш учун ҳар бир секторда раҳбар бошчилигида тунги суғоришни назорат қилиш гуруҳлари ташкил этилиши ва ҳар куни суғоришни таҳлил қилиб бориш тизими жорий этилади.

Ер ости ёки зовурлар сувидан фойдаланишни ташкил этиш мақсадида қўшимча равишда сув насосларини ўрнатиш ва уларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш йўлга қўйилади.

Сабзавот экинлари парваришига таъсири

Вазирликнинг таъкидлашича, бугунги кунда дала майдонларида турли сабзавотлар етиштирилмоқда, шунингдек, такрорий экин сифатида яқиндагина ерга экилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бор. Кескин кўтарилган об-ҳаво ҳарорати сабзавот экинлари парваришига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг стресс ҳолатига тушишига олиб келади.

Помидор, ширин қалампир, бақлажон ўсимликлари экилгандан то гуллашни бошлаган вақтга қадар суғоришлар тўхтатилганда 40-45 кунгача сувсизликка чидайди. Сувсизлик даврида уларнинг гуллари тўкилади, барглари тўқ-яшил тусга киради, кун иссиқ пайтларда сўлиганга ўхшаб туриб барглари ҳам кичраяди, ер устки қисмлари ривожланиши секинлашади.

Ушбу сабзавотларнинг мева тугиш вақтида суғоришлар тўхтатилса, ўсимликлар 30-35 кун чидайди. Бу вақтда туганаклар тўкилади, бор мевалари ҳам майдалашади, барглари букилиб қолади. Ҳосилдорлик 40-50 фоизгача камаяди.

Помидор, ширин қалампир, бақлажон ўсимликларида мева пиша бошлаган даврида суғоришлар тўхтатилганда ўсимлик 15-20 кун сувсизликка чидайди ҳамда пишган ва пишмаган мевалар учки қисмидан сарғайиб чириш бошланади.

Бундай шароитда сабзавот экинлари парваришида қуйидаги энг муҳим агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш талаб этилади:

•    суғориш ишларини тунги вақтларда амалга ошириш, ҳар бир далада сувчилар назоратини ташкил этиш;
•    суғоришни маҳаллий ўғитлар билан, шарбат усулида ўтказиш;
•    сувдан кейин қатор ораларига култиваторлар билан ишлов бериш.

Мева-узум боғларини юқори ҳаво ҳароратидан ҳимоя қилиш.

Қайд этилишича, ҳаво ҳароратининг бирданига кўтарилиб кетиши мевали дарахтлар ҳамда узумларга жиддий зарар келтиради. Натижада мева ва узумларнинг сифати паст бўлиб, узоқ сақлаш ҳамда ташишга яроқсиз бўлиб қолади, шу билан бирга товарбоплик хусусиятлари тушиб кетади.

Мевали дарахтларни ҳавонинг жазирама иссиғида ҳимоя қилишда қуйидаги тавсияларга амал қилиш таклиф этилади:

•    Дарахтларни суғориш, бу агротехник тадбирларни куннинг салқин вақтида ўтказиш;
•    Мевали дарахтларнинг шох-шаббаси ички ва ташқи қисмига мунтазам сув пуркаб туриш;
•    Каолин моддаси (оқ қум) билан меваларга ишлов бериш.

Токзорларда ҳавонинг жазирама иссиғида ўтказиладиган тадбирлар:

•    Токзорлар суғорилиб, туп атрофлари юмшатилиш керак;
•    Хомток қилинмаган токзорларда хомток ўтказилмаслиги, агар биринчи хомток амалга оширилган бўлса, иккинчисини ўтказишни тўхтатиб туриш;
•    Ҳар бир шингилни тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қилиш учун шингил атрофини барглар билан ўраб қўйишга эришиш;
•    Шингиллар юзасининг юқори ҳарорат натижасида қизишини олди олиш учун уларга мунтазам сув пуркаб туриш.


Мақола муаллифи

Теглар

жазирама

Баҳолаганлар

107

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made