Энергетика вазирлиги аҳолидан “свет”ни тежаб ишлатишни сўради

Жамият

image

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 17-22 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши кучайиши сабабли кундуз кунлари айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати +47 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги мамлакатда келаси ҳафта аномал иссиқ кузатилиши муносабати билан электр энергиясидан тежаб фойдаланишни сўрамоқда. Вазирлик фуқароларга шундай мурожаат билан чиқди.

Вазирлик мурожаатида таъкидланишича, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ҳам кескин ошади. Бунинг натижасида, электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юклама ортиши ва натижада тармоқда носозликлар келиб чиқиши мумкин.

Шу мақсадда, Энергетика вазирлиги ва вазирлик тизимидаги барча ташкилотлар томонидан ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши кунларида истеъмолчиларга энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилаётгани таъкидланган. Хусусан, шу кунларда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи станцияларда захира энергоблоклари ишга қўшилади. Вазирлик электр энергияси етказиб бериш сифатини ошириш мақсадида жорий йил бошидан 2 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 330 дан ортиқ трансформатор пунктлари янгиланганини эслатган.

Бундан ташқари, паст кучланишли 17 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 6 мингга яқин трансформатор пункти, шунингдек 110-500 кВ кучланишли 600 километрдан ортиқ электр узатиш тармоғи ва 7 та куч трансформаторлари мукаммал таъмирланган.

Ишлаб чиқариш қувватлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида барча электр станцияларда 24 соатлик навбатчилик гуруҳлари ташкил этилган. Худди шунингдек, электр тармоқларида фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ҳудудлар бўйлаб туну-кун ишлайдиган 227 та аварияга қарши бригадалар ташкил этилган.

“Азиз Ватандошлар! Республикамизда ҳаво ҳароратининг аномал даражада исиши натижасида электр қурилмаларида ортиқча юклама туфайли юзага келиши мумкин бўлган носозликларни олдини олиш мақсадида сизлардан электр энергиясидан тежамкорлик билан, шунингдек, имкон қадар совутиш қурилмаларидан оқилона фойдаланишингизни, зарур бўлмаганда электр қурилмаларини тармоқдан ажратиб қўйишингизни сўраймиз.

Ушбу вазиятни тўғри тушунган ҳолда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишимиз натижасида электр қурилмаларининг узоқ муддатга ишдан чиқишини олди олган бўламиз ҳамда энергия ресурсларини барча истеъмолчиларга барқарор етиб борилишига муносиб ҳисса қўшган бўламиз”, дейилади вазирлик мурожаатида.

Идоранинг таъкидлашича, бу каби ҳолатларда жаҳон тажрибасида ҳукумат томонидан халққа энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва электр энергияси истеъмолини имкон қадар қисқартириш юзасидан мурожаатлар қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Энергетика вазирлиги

Баҳолаганлар

76

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг