Жарқўтонда бронза даврига оид оташгоҳ ва боланинг қабри топилди

Маданият-санъат

−

image

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган Жарқўтон ёдгорлигида археологик қазишмалар давомида қадимий тураржой қолдиқлари, оташгоҳ ва тўртта бутун сопол идиш аниқланди. Бу ҳақда Самарқанд археология институти хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг сентябрь ойида бошланган қазишмалар бронза даври аҳолисининг турмуш тарзи, қурилиш усуллари ва дафн маросимларини ўрганишга қаратилган.

Дастлабки қазишмалар ёдгорликнинг 4-сонли тепалигида, ибодатхонанинг шимолий қисмида ҳамда 3-сонли қабристоннинг ғарбий ҳудудида олиб борилмоқда.

4-сонли тепаликда қадимий тураржой хоналарининг девор қолдиқлари, хом ғиштдан қурилган иншоотлар ва диаметри 70 сантиметр бўлган оташгоҳ топилди. Мутахассисларнинг қайд этишича, хона ичидан оташгоҳнинг аниқланиши айрим оилалар тураржойларида сиғиниш маросимлари учун алоҳида хоналар бўлган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Шунингдек, 3-сонли қабристоннинг ғарбий қисмидаги қабрлардан биридан тўртта бутун сопол идиш топилган. Уларнинг шакли ва тайёрланиш хусусиятларини ўрганиш орқали қабрнинг даврини аниқлаш ҳамда қадимги аҳолининг дафн анъаналари ҳақида қўшимча маълумот олиш кўзда тутилган.

Ёдгорликнинг асосий ҳудудидан ташқарида олиб борилган дастлабки текширувларда эса ёш бола қабри, Сополли маданиятининг Жарқўтон босқичига оид хўжалик ўраси ва айлана шаклидаги иккита кул ўраси қайд этилган. Бу топилмалар мазкур ҳудуд ҳам ёдгорликнинг таркибий қисми бўлганини кўрсатади.

Билдирилишича, ҳозирда топилмалар қиёсий таҳлил қилинмоқда, қазишма ишлари эса давом эттирилмоқда. Тадқиқотлар Жарқўтоннинг ҳудудий тузилиши, қадимги аҳолининг турмуш тарзи, эътиқодий қарашлари ва дафн маросимларини янада чуқурроқ ўрганишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро шаҳридаги Шаҳристон археологик ёдгорлигида Сомонийлар даврига оид жоме масжидининг меъморий безаклари – куфий ёзувлар туширилган ганч панель қолдиқлари аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг