“Жар ёқасида турибмиз”. Ернинг ҳарорати 3 миллион йиллик максимумини янгилади
Олам
−
07 Май 2021
42628Ўтган йили Ернинг ҳарорати 3 миллион йил ичида рекорд даражага чиқди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилган.
Унга кўра, 2020 йил турли минтақаларда иқлимий офатлар ва экстремал об-ҳаво шароити бўйича рекорд ўрнатди.
Сиёсатчининг таъкидлашича, бу 3 миллион йил ичидаги энг юқори даражадир. Бу вақтда Ер сайёрасининг ҳарорати 3 даража юқори, денгиз сатҳи эса тахминан 15 метр баландроқ бўлган.
"Биз ҳали ҳам ҳароратнинг фалокатли ошиб бориши томон ҳаракат қиляпмиз, аср сўнгигача ҳарорат 2,4 даража ошади", деган Гутерриш.
Шунингдек, у атмосферада карбонат ангидрид концентрацияси янги максимал даражага кўтарилганини таъкидлаган.
Унга кўра, ҳозирда бу кўрсаткич саноатдан олдинги даврга нисбатан 148 фоизга юқори.
"Биз тубсиз жар ёқасида турибмиз", деган Гутерриш.
Унинг фикрига кўра, агар мамлакатлар биргаликда ишласа, энг ёмон сценарийнинг олдини олиш мумкин.
"Бу тараққиётнинг янада "тоза ва яшил" йўлига ўтиш учун зарур", деган БМТ раҳбари.